Непал ҳукумати мамлакатда TikTok ижтимоий тармоғини тақиқлашга қарор қилди, дея хабар бермоқда Al Jazeera.

Платформани тақиқлаш қарори у доимий равишда «ижтимоий уйғунликни бузадиган ва оилавий ҳамда ижтимоий муносабатларга путур етказувчи» контентни тарқатиш мақсадида фойдаланилгани учун қабул қилинди, дея таъкидлади Непал алоқа ва ахборот технологиялари вазири Рекҳа Шарма.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда тегишли органлар мамлакатда TikTok`ни чеклашнинг техник томонлари билан шуғулланмоқда ва интернет-провайдерларга тегишли буйруқ юборилган. Маҳаллий ОАВ хабарларида ёзилишича, сўнгги тўрт йил ичида мамлакатда ушбу платформа билан боғлиқ 1600 дан ортиқ кибержиноят ҳолатлари қайд этилган.

Непалдаги мухолифат ҳукумат қарорини танқид қилди, дея ёзмоқда нашр. Ҳукмрон коалицияга кирувчи Непал конгресси партияси раҳбари Гаган Тҳапанинг айтишича, TikTok тақиқи «фикр эркинлигини бўғиш» ҳисобланади.

«Ижтимоий тармоқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланаётганларнинг олдини олиш учун уни тартибга солиш зарур. Лекин тартибга солиш муаммосини тармоқни блоклаш орқали ечиш мутлақо нотўғри», — деди у.

Ҳозирча TikTok ижтимоий тармоғи ушбу тақиқ ҳақида изоҳ бермади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қўшни мамлакат Қирғизистон Маданият вазирлиги ҳам болалар руҳий ривожланиши ва саломатлигига зарари сабабли TikTok ижтимоий тармоғини блоклашга қарор қилганди.

Маълумот учун, TikTok Ўзбекистонда блокланган тармоқлардан бири ҳисобланади. 2021 йил июль ойида «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузгани учун Twitter, «ВКонтакте», WeChat ва Skype мессенжери қаторида унга ҳам киришни чеклаган.

2022 йилнинг августида АКТ вазирлиги Twitter, «Вконтакте» тармоқлари ҳамда WeChat мессенжеридан фойдаланиш бўйича чеклов олиб ташланганини маълум қилган. Бироқ TikTok платформасига кириш тикланмаган. Расмий идоралар томонидан бу ҳолатга изоҳ берилмаган.