Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб Twitter, WeChat ва «Вконтакте» ижтимоий тармоқларига қўйилган чеклов бекор қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Ахматов хабар берди.

АОКАнинг ёзишича, «TikTok» платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади. «Тўсиқларсиз фойдаланиш имконияти тўлиқ тикланмоқда. Блокировкалар ривожланишга фақат зарар келтиради», — дейилади хабарда.

Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов эса қуйидагича изоҳ қолдирди: «Блоклаш — фақат зарар ва аҳмоқлик».

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов мазкур янгиликка ўз муносабатини билдирди. «Ахборот маконини ёпиб қўйиш, фикрлар плюрализмига тўсқинлик қилишга уринишлар жамиятнинг тараққиётига хизмат қилмай, аксинча, уни орқага тортиши — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат», — деди у.

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси ўтган йилнинг ёзида шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузгани учун Twitter, WeChat ва «Вконтакте» шунингдек, Skype мессенжерига киришни чеклаганди. Қонунга кўра, хорижий компаниялар Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ичида қайта ишловчи серверларни жойлаштириши шарт. Бу борадаги ўзгартириш ўтган йилнинг январь ойида президент томонидан имзоланганди. У ўша йилнинг апрель ойи ўрталаридан кучга кирди.

Twitter, WeChat ва Vkontakte қонунбузарлар реестридан чиқарилди. Шу билан бирга, рўйхатда фақат Tik Tok қолади. Расмийлар ушбу ижтимоий тармоқлар қонун талабларига мос келадими ёки йўқми, ҳозирча хабар бермаган.

Ўзбекистонликларнинг маълумотларини қайта ишловчи бошқа кўплаб манбаларга чекловлар қўйилмаган. Ўтган йилнинг ноябрь ойи бошида Telegram, Facebook, Odnoklassniki, YouTube мамлакатда жуда машҳур бўлган бошқа сайтлар ҳам қонун ҳужжатларини бузувчи реестрга киритилганди. Бу жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди ва бир неча соат ичида кириш тикланди. Бунинг ортидан «Ўзкомназорат» раҳбари, АКТ вазири ва бош вазирнинг ахборот технологиялари бўйича маслаҳатчиси истеъфога чиққанди.

Ўтган йилнинг октабр ойида президент Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жазони кучайтирувчи ўзгартишларни имзолаганди. У 2022 йил 30 январдан кучга кирганди.