Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш қўмитаси аъзолари Мавлуда Ибрагимова ва Шуҳрат Абдухалилов «Таскин» болалар хосписи ҳамда янги барпо этилаётган катталар хосписи қурилиш майдончасида бўлди. Ташриф 10 ноябрь куни бўлиб ўтди, дея хабар берди Республика онкология маркази онкологи Яҳё Зияев «Газета.uz»га.

Депутат Мавлуда Ибрагимова «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда нашр томонидан 8 ноябрда эълон қилинган «Қуруқ ўлим. Ўзбекистонда саратонга чалинган беморлар қандай вафот этмоқда ва нима учун давлат уларнинг ҳаётини қўллаб-қувватлашга мажбур?» сарлавҳали мақола (мақола рус тилида — таҳр.) ушбу объектларга ташриф буюришга асос бўлганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, хоспис ва паллиатив ёрдамни ташкил этиш президентнинг 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистонда онкология хизматини ривожлантириш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган. Дастлаб Тошкентда катталар учун хоспис очилиши 2019 йилга мўлжалланган эди, бироқ ўшандан бери бу ҳар йили қолдирилиб келинмоқда. Пойтахтда бундай тиббий муассасанинг ташкил этилиши беморларга хоспис ёрдамини кўрсатиш бўйича миллий тажрибанинг оммалашуви учун ҳам зарур аҳамият касб этади.

хоспис, taskin болалар хосписи

Фото: Taskin хосписи.

Мавлуда Ибрагимованинг қайд этишича, қўмита томонидан қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш мақсадида йилига икки марта иш режаси ишлаб чиқилади. Бироқ Taskin хосписига ва катталар хосписининг қурилиш майдончасига режадан ташқари ташриф буюрилди.

«Биз вазият билан танишиб, ўрганишга қарор қилдик. Сиз ёзган ҳамма нарса тасдиқланди. Мен хоспислар нима эканлигини ва улар қандай бўлиши кераклигини ўрганиб чиқдим. Зангиота-2 ҳақиқатан ҳам талабларга жавоб бермайди. У эпидемия вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун вақтинча яратилган», — деди депутат.

Хоспис раҳбари Яҳё Зияевнинг айтишича, онколог Рустам Норбоев депутатларга мавжуд молиялаштириш муаммоларини тушунтириб берди.

хоспис, taskin болалар хосписи

Фото: Taskin хосписи.

«Депутатлар мамлакатимизда хоспис ва паллиатив ёрдамни ташкил этиш Қонунчилик палатаси назоратида бўлишига ишонтиришди, — деди Яҳё Зияев. — Текширув натижаларига кўра қўшимча маълумотлар тақдим этилади».

Шу куннинг ўзида қўмита аъзолари томонидан Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига катталар учун хоспис қурилиши бўйича материалларни юбориш сўралган расмий сўров юборилди, деди Мавлуда Ибрагимова.

Фото: Taskin хосписи.Фото: Taskin хосписи.

«Жума куни биз [вазирлик вакилларини] таклиф қилмоқчимиз. Бугун улар материаллар жўнатишлари керак эди, лекин ҳали жўнатишмади, — деди депутат (суҳбат 13 ноябрь, душанба куни бўлиб ўтган). — Биз бу масалани жума куни ҳал қиламиз. Рустамни [Норбоев] ҳам таклиф қиламан. Келинг, пул ажратиш режалаштирилганми ёки йўқми, эшитайлик. Биз Молия вазирлигининг жавобига асосланамиз. Қурилишни имкон қадар якунлашга ҳаракат қиламиз».