«Тошкент» фонд биржаси бошқаруви раиси Георгий Паресишвили «Газета.uz» сўровига кўра Ўзбекистон Марказий банки муҳокама учун эълон қилган юридик шахслар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини харид қилиш устидан назоратни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар лойиҳасига изоҳ берди.

У таклиф этилаётган ўзгартиришлар ҳақидаги хабарлар аллақачон тарқалиб, мамлакатдаги инвестиция муҳитини тушунишга салбий таъсир кўрсатганини афсус билан таъкидлади, чунки хорижий инвесторлар ўз маблағларини олиб чиқиш ва Ўзбекистондан олинган даромадларни репатриация қилиш тартиблари мураккаблашиши мумкинлигидан хавотирда.

Бугунги кунда маблағларни (масалан, хорижий инвесторлар Ўзбекистон компаниялари акцияларини сотишдан олган фойдани) сўмдан долларга конвертация қилиш бўйича сўров келиб тушганда, маҳаллий банклар инвесторлардан ушбу битим биржада амалга оширилганини исботлашни ва фойда суммаси қимматли қоғозлар савдоси натижасида қандай шакллантирилганини батафсил тушунтиришни талаб қилмоқда.

«Аммо Марказий банк томонидан таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, банклар инвестордан қўшимча равишда фойда тақсимоти (дивидендлар тўланиши) тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этишни талаб қилади, бу эса амалда акциялар эмитентининг корпоратив қарори ҳисобланади. Солиқ органининг хулосасига (солиқ тўлангани тўғрисидаги маълумотнома) келсак, норезидент, эҳтимол, дивидендлар бўйича солиқ ёки иш ҳақи бўйича даромад солиғини тўлаганини исботлаши керак бўлади. Бунинг ҳожати йўқ, чунки дивидендлар ёки иш ҳақи тўлашда компаниянинг ўзи автоматик равишда солиқларни ушлаб қолади ва тўлайди. Яъни дивидендлар инвесторга эмитент томонидан дивиденддан солиқ ушлаб қолинганидан кейин тўланади. Инвестор дивиденд бўйича соф даромадни олувчи ҳисобланади ва у нега фойда тақсимоти тўғрисидаги ҳужжат ёки ушбу дивиденд бўйича солиқларни эмитентнинг ўзи тўлагани тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши кераклиги тушунарсиз», — деди фонд биржаси раҳбари.

«Шунингдек, инвестор илгари талаб этилмаган қўшимча ҳужжат — аудитор хулосасини тақдим этиши таклиф этилмоқда. Ушбу аудиторлик хулосасида нима ёзилиши кераклиги аниқ эмас … Бундан ташқари, аудиторлик ҳисоботи ҳар хил бўлиши мумкин: чораклик, йиллик, яримйиллик. Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларида ёки халқаро молиявий ҳисобот стандартларида ёзилган хулосалар мавжуд. Яъни аудиторлардан қандай хулоса талаб қилинаётгани ва, энг муҳими, нима учун талаб қилинаётгани аниқ эмас», — деди у. Бундан ташқари, аудиторлик хулосасини олиш учун инвестор аудиторга пул тўлаши керак бўлади, бунга эса шу пайтгача зарурат йўқ эди.

Лойиҳа банклар юридик шахслардан талаб қилиши мумкин бўлган ҳужжатларнинг максимал рўйхатини назарда тутади, деган фикрга жавобан Георгий Паресишвили амалиётда бундай ҳолатларда банклар «ўзларини суғурталаш ва текширувлар бўлганда қандайдир рискларни зиммасига олмаслик учун мижозлардан барча ҳужжатларни талаб қилишларини» таъкидлади.

«Валюта операциялари бўйича Марказий банкнинг қўлланмаси бор, унда банк конвертация жараёнида мижоздан қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги ёзилган (лекин мажбур эмас). Банк барибир брокерлик компанияларидан қўшимча ҳужжатлар талаб қилади. Улар мумкин бўлган текширувлар туфайли ўзини суғурталашга ҳаракат қилади», — деб тушунтирди у.

«Тошкент» фонд биржаси раҳбарининг таъкидлашича, фонд бозори иштирокчилари инвестор маблағларини конвертация қилиш жараёнини соддалаштиришни бир неча бор таклиф қилган. Унга кўра, фонд бозоридаги барча операциялар битта банк — «Миллий банк» («Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки») орқали амалга оширилади. Барча брокерлар «Миллий банк»да махсус мижоз ҳисобварақларини очишлари шарт ва қимматли қоғозларни олди-сотдиси ҳамда конвертация қилиш бўйича барча операциялар фақат ушбу махсус ҳисобварақлар орқали амалга оширилади.

«Марказий банк қимматли қоғозлар билан боғлиқ бўлмаган бошқа маблағлар ушбу махсус ҳисоб рақамига тушишидан хавотирда. Лекин бу техник жиҳатдан имконсиз, чунки «Миллий банк»даги бу махсус ҳисоб рақамига иш ҳақини ўтказиш, ижара ёки электр энергияси тўловини тўлаш ёки у орқали товарлар билан савдо операцияларини амалга ошириш мумкин эмас», — деди у.

Фонд бозори иштирокчилари қуйидаги таклифни илгари сурмоқда: агар конвертация (валюта сотиб олиш) тўғрисидаги сўров лицензияга эга брокер томонидан юборилса ва операция «Миллий банк»даги махсус ҳисоб рақамида амалга оширилса, сўров жўнатувчидан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинишига ҳожат йўқ. «Чунки ихтиёрий ҳолатда бу битимлар Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун билан тартибга солинадиган фонд бозоридаги операциялар билан боғлиқлиги аллақачон аниқ», — дея қўшимча қилди Георгий Паресишвили.

Унинг таъкидлашича, агар хорижий инвесторларга «бу бозордан улар қандай кирган бўлса, худди шундай осонлик билан чиқиб кета олишлари» кўрсатилмас экан, Ўзбекистон хорижий инвесторларни қимматли қоғозлар бозорига жалб эта олмайди.

«Биз хорижлик инвесторга унинг сармояларини ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилишимизни, ортиқча саволларсиз долларни сота олиши ва сўм сотиб олишига рухсат беришга тайёрлигимизни, доллар сотишда эса кераксиз ҳужжатлар талаб қилинмаслигини айтамиз. Аммо ўша инвестор доллар сотиб олиб, хориждаги даромадлари ва сармояларининг асосий суммасини репатриация қилмоқчи бўлгани билан биз инвестордан турли ҳужжатлар тўпламини талаб қилиб, унга жиддий муаммоларни келтириб чиқарамиз. Бундай шароитда инвесторлар шунчаки Ўзбекистонга келмайди», — дейди биржа раҳбари.

Унинг фикрича, бу геосиёсий хатарлар ва хорижий акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда мамлакат инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи сабаблардан биридир.

Қатъий тартибга солиш бўлмаса, мамлакатдан валютанинг чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга келсак, Паресишвили «дунё амалиёти шуни кўрсатадики, валютанинг чиқиб кетишига қарши курашишнинг энг яхши йўли валютани конвертация қилиш ва мамлакатдан репатриация қилишни сунъий равишда чеклашга уринмаслик ҳисобланади», — дейди.

«Чунки ҳар қандай чекловлар жорий этилганда, дарҳол одамлар ва компанияларда бир кун келиб валюта сотиб олиш ва/ёки уни олиб чиқиб кетиш рад этилиши мумкинлигидан хавотир пайдо бўлади, улар биринчи имконият бўлиши билан доллар сотиб олиб, уларни мамлакатдан олиб чиқиб кетишади. Бу жуда муҳим психологик омил бўлиб, уни паст баҳоламаслик керак», — дея таъкидлади у.

Бунга яхши қарама-қарши мисол — ҳамма биладиган солиқлар бўйича жаҳон амалиёти — солиқлар камайтирилган ва/ёки соддалаштирилган мамлакатларда солиқлар йиғилиши каррасига ошди, деди Паресишвили.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи ўрталарида Марказий банк Ўзбекистонда банклар ва тадбиркорлик субъектлари учун валюта операцияларига айрим чекловлар жорий этишни режалаштирганди, бироқ жамоатчилик эътирозидан сўнг бу қарор бекор қилинганди. Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов мазкур ҳужжат Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори бўлгани ва унга кўра банкларга мижозларни назорат қилиш ва санкция рискларини камайтириш чораларини кўриш топширилганини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, хорижий банклар Ўзбекистонда мижозлар етарли даражада текширилмаслигини сабаб қилиб, тўловларни тасдиқламаган.

У, шунингдек, импорт қилинадиган товарлар доирасида иккиламчи банк ҳисобварақлари орқали валюта ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирди.

Яқинда Ўзбекистон Марказий банки юридик шахсларнинг чет эл валютасини сотиб олиши шартларини ўзгартиришни таклиф қилди. Хусусан, валютани сотиб олиш учун ариза беришда талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилиши, норезидентлардан миллий валютадаги маблағларнинг келиб чиқиши қонунийлиги ва бошқалар талаб этила бошлаши мумкин.

Марказий банк конвертация қоидаларига киритилган ўзгартиришлар «валюта операцияларини чеклаш эмас, балки амалдаги қоидаларга аниқлик киритиш ва операцияларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш»ни назарда тутишини таъкидлади. Марказий банк раҳбари ўринбосари Бобир Абубакиров «орқага қайтиш бўлмаслиги» айтди. Ўзгаришлар техник хусусиятга эгалиги қайд этилди.