Сентябрь ойида Ўзбекистон Хитойга 41,6 миллион долларлик табиий газ экспорт қилди. Бу бўйича «Газета.uz» ХХР Божхона бош бошқармаси маълумотларини ўрганди.

Аввал хабар берганимиздек, апрель ойида Ўзбекистон «мовий ёқилғи» экспортини қайта тиклаган, ўша ойда ҳажм 40,47 миллион долларни ташкил этган. Май ойида етказиб бериш ҳажми 78,16 миллион долларга, июнда 85,27 миллион долларга, июлда 91,39 миллион долларга, августда эса 75,27 миллион долларга ошган.

Йил бошидан буён жами газ экспорти 412,2 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига — 767,68 миллион долларга нисбатан қарийб 1,9 баробар камдир. Буни январь-март ойларида Ўзбекистондаги энергетика инқирози шароитида газ экспорти тўхтатилгани билан изоҳлаш мумкин.

Бир ойлик кўрсаткичлар солиштирилса, 2022 йил сентябрь ойида 149,5 миллион долларлик газ етказиб берилган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон 9 ой ичида 411,7 миллион долларлик газ экспорт қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47,2 фоизга камдир. Сентябрь ойида «мовий ёқилғи» экспорти 33,8 миллион долларни ташкил этди, бу биргина Хитойга экспорт қилинган ҳажмдан 7,8 миллион долларга кам.

Тўққиз ой давомида Хитойга газ етказиб бериш бўйича Россия етакчи бўлди — 8,92 миллиард (сентябрда деярли 1 миллиард доллар), Туркманистон иккинчи ўринда — 7,41 миллиард доллар (+780 миллион доллар). Кейинги ўринларда Индонезия — 2 миллиард доллар (+300 миллион доллар), Мьянма — 1,12 миллиард доллар (+106 миллион доллар), Қозоғистон — 959,16 миллиард доллар (+169,5 миллион доллар).

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон ва Хитой томонидан тақдим этилган газ экспорти бўйича маълумотлар бир неча каррасига фарқ қилгани ҳақида ёзганди. Кейинроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов буни ХХР туркман газининг транзитини ҳисобга олиши билан изоҳлаган. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳатто транзитни қўшганда ҳам, статистика кескин фарқ қилган.

Биз, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги биринчи яримйилликда Ўзбекистонга 2,6 миллиард куб метр газ импорт қилингани ҳақида хабар берганига эътибор қаратдик — бу 2022 йилнинг олти ойидагига нисбатан 7,2 баравар кўп. Кўрсаткич Статистика агентлиги маълумотларидан фарқ қилади ва МБ раҳбарининг газ импорти туфайли бюджет тақчиллиги ошгани ҳақидаги сўзларига қисман ойдинлик киритиши мумкин.