2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 487,9 миллион долларлик газ импорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83,4 фоизга кўпдир. Бу ҳақда «Газета.uz» эътибор қаратган Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларида қайд этилган.

Экспорт 48,2 фоизга камайиб, 411,7 миллион долларни ташкил этди. Бу йил бошидаги энергетика инқирози авж олган пайтда Хитойга экспорт тўхтатилиши фонида содир бўлди.

Импорт экспортдан 76,2 миллион долларга ошди (газ ҳажмида маълумотлар турлича бўлиши мумкин, аммо бундай статистик маълумотлар ошкор этилмаган). Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Одилбек Исоқов огоҳлантирганидек, йил охирига бориб экспорт (Хитойга экспорт мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда) яна импортдан ошиб кетиши мумкин, бунда Ўзбекистон газ импортчисига айланиши тенденциясини кўриш мумкин.

Сентябрь ойида Ўзбекистон 286,1 миллион долларлик газ импорт қилди, бу ўтган саккиз ойга (201,6 миллион доллар) нисбатан 1,4 баробар кўпдир.

Шу фонда Туркманистон билан товар айирбошлаш ўтган ойда кескин ўсди — 517 миллион доллардан 830,3 миллион долларгача. Туркманистонга қилинган экспорт деярли ўзгармади, бироқ Туркманистондан қилинган импорт 302,3 миллион долларга ошиб, 700,9 миллион долларни ташкил қилди. Таққослаш учун: август ойида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш атиги 24,6 миллион долларга ошган.

Август ойида Ўзбекистон Туркманистон билан йилига 2 миллиард куб метргача туркман газини етказиб бериш бўйича шартнома тузганди. Томонлар, шунингдек, узоқ муддатга ва етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришга мўлжалланган шартномани ҳам ишлаб чиқдилар, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

«Газета.uz»га Статистика агентлигининг аниқлик киритишича, газ импортининг ошиши аслида Туркманистондан қилинган импорт ҳисобига содир бўлган.

«Газета.uz» аввалроқ Статистика агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлари ўртасидаги тафовутга эътибор қаратган эди. Хусусан, вазирлик хабарига кўра, Ўзбекистон 2023 йилнинг биринчи ярмида 2,6 миллиард куб метр газ импорт қилган, бу 2022 йилнинг олти ойидагига нисбатан 7,2 баробар кўп. Бу Статистика агентлиги маълумотларидан анча фарқ қилади.

Статистика агентлиги маълумотлар расмий методология ва божхона декларацияси маълумотлари асосида шакллантирилаётганини таъкидлади. Статистика агентлиги уларнинг маълумотлари манбасини аниқлаш учун Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги билан боғланишни тавсия қилди, бироқ вазирлик «Газета.uz»нинг сўровига жавоб бермади.

Июль ойида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов биринчи ярим йилликда давлат бюджети тақчиллиги ошишига газ импортининг кўпайиши сабаб бўлганини айтган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги газ экспорти маълумотларидаги фарқларга ҳам эътибор қаратган эдик.

Газ қазиб олишнинг камайиши

Газ импортининг кескин ўсиши уни қазиб олишнинг қисқариши фонида содир бўлмоқда. Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 35,16 миллиард куб метр газ қазиб олинди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,69 миллиард куб метрга (-9,5 фоизга) камдир.

Газ қазиб олишнинг пасайиши бир неча йиллардан бери давом этмоқда. 2017-йил ноябрь ойида президентнинг «2017−2021 йилларда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш дастурининг биринчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори газ қазиб олиш ҳажмини оширишни назарда тутган бўлсада, амалда 2017−2019 йилларда маълум газ қазиб олиш келтирилган прогнозлардан 22,2 млрд кубометрга кам бўлган. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятида газ қазиб олиш ҳажми 2017 йилдаги 39,3 миллиарддан 2020 йилда 33,1 миллиард куб метрга қисқарганди.