Тошкентда тегишли таҳлиллар ўтказилиб, ихтисослаштирилган хизматлар томонидан ноқонуний бино ва иншоотларни демонтаж қилиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар қилди. Таъкидланишича, ушбу бинолардан фойдаланган тадбиркорларга қонуний асосда ўз фаолиятини давом эттириш учун шароит яратилади.

«Амалиёт ва таҳлиллар кўрсатганидек, шаҳар ҳокимлиги ва тегишли хизматларнинг рухсатисиз, йўллар бўйлаб қурилган бинолар аҳоли учун хавф туғдиради, яъни уларда автотураргоҳ ва тўхташ йўли йўқ, бу эса ҳайдовчининг бир дақиқалик хариди орқасидан бошқа ҳайдовчилар ва пиёдалар учун сезиларли ноқулайлик ва хавфга сабаб бўлади. Ўз навбатида, Тошкент шаҳри ҳудудида маиший ва тижорат биноларига эга бўлган пойтахт аҳолисини ҳужжатларнинг шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлигини яна бир бор синчиклаб текширишга чақирамиз», — дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

Ҳокимлик ушбу турдаги мулкни сотиб олаётганда эҳтиёт бўлишни ва юридик хизмат компаниялари билан маслаҳатлашишни сўради. Қайд этилишича, Тошкент шаҳар кадастр хизматлари томонидан бериладиган ҳужжатлардан ташқари, бино ва иншоотлар учун ҳужжатларнинг муқобил турлари мавжуд эмас.

«Потенциал хариднинг барча тафсилотларини аниқлаштириш учун ваколатли органларга шахсан ёки онлайн давлат хизматлари орқали мурожаат қилинг. Фақат ишончли ва расмий маълумот манбаларига ишонинг, аниқ маълумот олиш учун шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига 71 210−01−63 телефон рақами ёки ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилинг», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент ҳокимлиги шаҳардаги 70 дан ортиқ уйларнинг қиёфасини янгилаш дастури режалаштирилаётганини маълум қилганди.