Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари Сингапурда бўлиб ўтган First Global Challenge робототехника чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар бермоқда.

Терма жамоа таркибидан Шукрулло Содиқов (Бухоро шаҳри), шунингдек, Маҳкамбек Тешабаев, Назарбой Раҳмонов, Абдулазиз Мираҳмедов ва Айдар Эрмухон (барчаси Тошкент шаҳри) жой олган.

«Биз Сингапурга кучли жамоани олиб келдик, улар қисқа вақт ичида халқаро чемпионатга аъло даражада тайёргарлик кўрди. Ўзбекистонда робототехника йилдан-йилга жадал ривожланмоқда», — дейди жамоа устози Сафина Тешабаева.

First Global Challenge ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган робототехника бўйича жаҳон чемпионати бўлиб, бу йилги чемпионатда 191 давлатдан вакиллар иштирок этди.

Терма жамоа бу мусобақада иштирок этиш учун 100% грант ютиб олган, дейилади вазирлик хабарида.