Нидерландия регулятори Россиянинг Yango такси хизматини РФ разведка хизматлари ундан Европадаги фойдаланувчилар маълумотларини йиғишда фойдаланаётгани борасидаги хавотирлар туфайли текширишни бошлади, дея хабар бермоқда Bloomberg.

«Биз Yango`га нисбатан тергов бошлаганимизни тасдиқлашимиз мумкин», — деди Нидерландлар маълумотларини ҳимоя қилиш бошқармаси вакили агентлик сўровига жавобан. Бошқарма қўшимча изоҳ беришдан бош тортди.

Yango — Россиянинг «Яндекс» компаниясининг халқаро бренди. Хизмат Амстердамда рўйхатдан ўтган Yandex N.V. интернет компаниясига тегишли ва 2018 йилдан буён Европанинг бир қатор давлатларида фаолият юритиб келмоқда. Yango номи Yandex Go қисқартмасидан келиб чиққан.

Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича Европа Иттифоқи қоидаларини бузиш ҳолатлари юзасидан тергов олиб борилмоқда. Нидерландия расмийлари, хусусан, Россияда 1 сентябрдан кучга кирган ва такси хизматларини ўз мижозларининг ФСБга сафарлари ҳақидаги маълумотларни ўтказиш мажбуриятини юклаган қонундан хавотирда, деб ёзади Bloomberg.

Yango агентликка GDPR (General Data Protection Regulation — Европадаги маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун) талабларига риоя этишини намойиш қилиш учун Нидерландия регулятори билан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

Компаниянинг қўшимча қилишича, хизмат аввал Финляндия ва Норвегиянинг назорат органлари томонидан синовдан ўтказилган ва маълумотларни қайта ишлаш «европалик фойдаланувчиларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита таҳдид солмаслигини» кўрсатган.

Yango`нинг Финляндия ва Норвегияда текширилиши

Август ойида Финляндия ва Норвегия ҳукуматлари ҳам Yango`ни Россиянинг янги қонуни юзасидан тергов қилган эди. Ушбу мамлакатлар назорат органлари компанияга ҳар қандай мижоз маълумотларини Россияга ўтказишни вақтинча тақиқлади.

«Махфийлик учун жиддий хавфлар мавжуд, чунки Россия ҳукумати Yango орқали Норвегия фуқароларининг ҳаракатланишини кузатиши мумкин», — деди Норвегиянинг маълумотларни ҳимоя қилиш бошқармаси.

Компания «РФ ҳуқуқий меъёрлари Yango халқаро бизнеси бўйича юрисдикцияга эга эмас»лиги ва Россиядан ташқарида сафар қилувчи Yango фойдаланувчиларига тааллуқли эмаслигига ишонтирди.

Сентябрь ойи охирида Финляндия маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ваколатли идораси ўз текширувини якунлади ва тақиқни бекор қилди. Helsingin Sanomat бунга Россия қонунчилиги Yango`нинг Финляндиядаги фаолиятига тааллуқли эмаслиги асос бўлганини ёзди.

Қозоғистонда «Яндекс» фаолиятининг тўхтатилиши

«Яндекс» Қозоғистонда ҳам шахсий маълумотлар масаласида муаммоларга дуч келганди. Август ойида Қозоғистон ҳукумати серверлари мамлакат ташқарисида жойлашгани сабабли ойига 10 млн кишилик аудиторияга эга yandex.kz доменини вақтинча ўчириб қўйган эди.

Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги, шунингдек, «Яндекс»дан унинг «махсус органлар билан ўзаро алоқаси» ҳақида маълумот талаб қилди.

Компаниянинг таъкидлашича, Россия махсус хизматлари Россиядан ташқарида фойдаланувчи маълумотларига кириш имконига эга эмаслигига ишонтирди. Кейинроқ «Яндекс» yandex.kz маҳаллий домени серверларини Қозоғистонга ўтказишга рози бўлди.

Yandex Go ва Ўзбекистондаги солиқлар

Сентябрь ойида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Yandex Go хизматларини тақдим этувчи Нидерландияда рўйхатдан ўтган Ridetech International B.V компаниясидан 1 декабргача Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш, солиқларни тўлаш ва мижозларга фискал чек тақдим этишни талаб қилди. Қўмита талаблар бажарилмаса, платформа блокланишини билдирди.

Қўмитанинг тушунтиришича, Ridetech International компаниясининг Ўзбекистондаги манбаларидан олинадиган даромадлари солиққа тортилмайди, чунки Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида даромадларга икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича келишув мавжуд.

Yandex Go Солиқ қўмитасининг талабига рози бўлди ва компания тез орада зарур рўйхатдан ўтишини маълум қилди.