Давлат ва жамоат арбоби Назир Ражабов 84 ёшида вафот этди. Наманган вилояти ҳокимлиги унинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди.

Назир Ражабов 1939 йил 9 май куни Бухоро вилоятида туғилган. Ўрта Осиё политехника институтини муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1978−1984 йилларда Ўзбекистон ССР қурилиш вазири лавозимида ишлаган. 1984−1987 йилларда Наманган вилоятини, 1987−1988 йилларда эса Самарқанд вилоятини бошқарган.

«Шу даврларда ҳар икки вилоятда ҳам кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, ижтимоий-иқтисодий йўналишларда катта ютуқларга эришилди», — дейилади Наманган вилояти ҳокимлиги хабарида.

У СССР Давлат мукофоти, Ўзбекистон ССР Давлат мукофоти кабиларга лойиқ кўрилган.

«Назир Ражабовнинг пахта йиғим-теримидан талабалар, мактаб ўқувчилари ва уларнинг ўқитувчиларини, врачлар ва ҳамшираларни, вилоят партия қўмитаси ва ижроқўмидан бириктирилган ходимларни қайтариши чинакам байрамга айланди. Одамлар бу инсоннинг маънавий жасоратига, оқиллигига тан беришди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, вилоят биринчи раҳбарининг талабига кўра, ҳар ким ўз жойида ўзига топширилган иш учун жавоб бериш тизимига ўтилди», — дея марҳумнинг замондоши Акрам Аминовнинг сўзларини келтиради Zarnews нашри.