Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Теҳрон ҲАМАСнинг Исроилга уюштирган ҳужумида иштирок этмаганини маълум қилди, бироқ у Исроилнинг ҳарбий ва разведка соҳасидаги «тузатиб бўлмас мағлубиятини» олқишлади.

Хоманаий ҲАМАС ҳужумидан кейинги ўз чиқишида «сионистик режимга ҳужумни режалаштирганларнинг қўлларини ўпамиз» деб таъкидлади.

ҲАМАС ҳужуми Исроилдаги осонликча тиклаб бўлмайдиган баъзи муҳим тузилмаларни вайрон қилди. Бу ҳалокатга сионистик режимнинг ўз ҳаракатлари сабабчи, — деди Хоманаий.

ҲАМАСнинг юқори мартабали мулозими Мусса Абу Марзук гуруҳ «мақсадларига эришганини» ва Исроил билан сулҳ бўйича музокаралар учун очиқ эканини айтди. «Гуруҳ барча сиёсий мулоқотларга очиқ», — дея таъкидлади у Al Jazeera нашрига телефон орқали берган интервьюсида.

Путин Исроил-Фаластин уруши юзасидан фикр билдириб, буни «АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли» деб атади.

Россия президентининг фикрича, Вашингтон «ҳар икки томон учун муроса йўлини излашда унчалик кўп харакат қилмади».

«Бу АҚШнинг Яқин Шарқдаги назоратни монополлаштиришга уринган сиёсати муваффақиятсизликка учраганига яққол мисол десам, ўйлайманки, фикримга кўпчилик қўшилади», — деди Путин ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ва Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаларини изоҳлаб. Россия президентининг сўзларига кўра, АҚШ «Фаластин халқининг туб манфаатларини» ҳисобга олмаган.

«Биринчи навбатда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги қарорларини амалга ошириш заруратини назарда тутяпман», — деди у. Путин айнан қайси қарорлар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади.

Исроил мудофаа кучлари Ливандан Исроилга 15 та ракета учирилгани ҳақида хабар берди. Ракеталардан тўрттаси зарарсизлантирилган, 10 таси эса очиқ жойларга тушган ва ҳеч қандай зарар келтирмаган, қолган битта ракета бўйича маълумот берилмаган.

Россия президенти Владимир Путин Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали Исроил-Фаластин урушини муҳокама қилди.

Президентлар икки томон зудлик билан ўт очишни тўхтатиши ва музокара жараёнини қайта бошлаш зарурлигини таъкидлади ва бу учун ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

«Яқин Шарқ инқирозини узоқ муддатли тинч йўл билан ҳал қилиш фақат БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тасдиқланган, 1967 йил чегараларида пойтахти Шарқий Қуддусда жойлашган мустақил Фаластин давлатини яратишни назарда тутувчи „икки давлат“ формуласи асосидагина имконли экани таъкидланди», — дейилади Россия президенти матбуот хизмати баёнотида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти комиссияси Исроил ва Ғазода ҳарбий жиноятлар содир этилгани бўйича «аниқ далиллар» борлигини маълум қилди. «Халқаро ҳуқуқни бузган ва тинч аҳолини нишонга олган барча шахслар ўз жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши керак», — дейилади комиссия баёнотида.

Баёнотда тинч аҳолининг ҲАМАС аъзолари томонидан ўлдирилиши, асирларни гаровга олиш ва тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланиш қораланган. Шунингдек, комиссия Исроилнинг Ғазо секторини ўққа тутганини ва ҳудуднинг сув, электр энергияси, озиқ-овқат ҳамда ёқилғи таъминотини тўхтатиб қўйишни ўз ичига олган блокадасини ҳам қоралаган.

Комиссия ҳарбий жиноятларга алоқадор барча шахсларни аниқлаш учун маълумот тўплашни давом эттириш ниятида эканини қўшимча қилган.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Исроил Ғазо секторига қарши «тўлиқ ҳужумга» ўтаётганини айтди. «Мен барча чекловларни олиб ташладим, биз ҳудуд устидан назоратни қўлга олдик ва тўлиқ ҳужумга ўтяпмиз», — деган Галант Ғазо чегарасидаги ҳарбийларга мурожаат қилиб.

«ҲАМАС Ғазода ўзгариш бўлишини хоҳлади ва бу ўзгариш улар ўйлаганидан 180 даража фарқли бўлади. Улар бу лаҳза учун афсусланишади. Ғазо ҳеч қачон аввалги ҳолига қайтмайди. Кимки бош кесишга, аёлларни, Холокостдан омон қолганларни ўлдиришга келса, биз уни бор кучимиз билан ва муросасиз йўқ қиламиз», — деган Галант.

Ғазо секторига берилган зарбалар оқибатида ҲАМАСнинг икки юқори мартабали аъзоси, жумладан, ҳаракатнинг «иқтисодиёт вазири» деб аталадиган Жавад Абу Шамал ҳалок бўлди.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар

Сўнгги маълумотларга кўра, тўрт кундан бери давом этаётган урушда 1200 нафар исроиллик ҳалок бўлди. 2,5 минг киши жароҳатланди. Ғазо секторида 950 киши ҳалок бўлди, 5 минг киши яраланди.

Исроил электр ва сув етказиб беришни тўхтатган минтақада гуманитар фалокат юз бермоқда, дея хабар бермоқда CNN нашри.