Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда академик Ф.Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини ҳукумат муҳокамасига киритди.

Вазирлик матбуот хизматининг 10 октябрь куни хабар беришича, лойиҳада боғнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, моддий-техник базасини яхшилаш, шунингдек, филиаллар ташкил этиш орқали унинг тажрибасини республика ҳудудларига кенгайтириш кўзда тутилган. Қарор лойиҳаси 2023 йил сентябрь ойида ишлаб чиқилган ва ҳозирда бошқа идоралар билан келишиш босқичида.

Бундай ҳужжат ишлаб чиқилгани ҳақида 7 октябрь куни Фанлар академияси мамлакатдаги 195 та маданият ва истироҳат боғи билан бирга Ботаника боғини ҳам ҳокимликлар ҳузуридаги боғларни бошқариш дирекциялари ихтиёрига ўтказиш режалари ҳақида маълум бўлганидан кейин эълон қилганди.

Экология вазирлиги ва Фанлар академиясининг лойиҳасида 1943 йилда ташкил этилган Ботаника боғининг мавжуд ўсимлик турлари таркибини бойитиш, сунъий яратилган шароитларда етиштириладиган ёввойи ҳолда ўсувчи ҳамда чет эл флораларига мансуб интродуцент ўсимликлар турларини кўпайтириш, минтақанинг табиий-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда турли соҳаларда фойдаланиш учун тажриба ҳамда реализация қилиш кўчатхоналарини ташкил этиш, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, ноёб ва йўқолиб бораётган Ўзбекистон флораси турларини сақлаш ва табиий шароитга реинтродукция қилиш, маҳаллий ва иқлимлаштирилган доривор ўсимликлар генофондини сақлаш ва бойитиб бориш кўзда тутилган.

Умумий майдони 66 гектардан иборат бўлган боғда турли минтақалардан жамланган 2400 дан ортиқ ўсимлик турлари ва навлари ўстирилмоқда. Ботаника боғи биохилма-хилликни сақлаш, экология бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш, манзарали, қимматбаҳо, доривор ўсимликлар, дарахт ва буталарни интродукциялаш ва етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш йўналишларида тадқиқотлар олиб борувчи етакчи илмий академик ташкилот ҳисобланади.

«Ботаника боғида Ўзбекистон табиий флорасига мансуб ўсимликлар генофонди сақланмоқда. Ушбу генофонд орқали мамлакат бўйлаб Ўзбекистон флорасида ҳозирги кунда мавжуд бўлмаган ўсимлик турларини етиштириш ва ўстириш имконияти мавжуд. Ушбу ноёб илмий масканнинг тасарруфдан чиқариб, бошқа вазирлик ёки идорага берилиши мамлакатимизда ботаника соҳасидаги фундаментал тадқиқотларнинг жиддий сусайишига ҳамда минтақадаги илмий позициянинг кучсизлантирилишига олиб келади», — дея маълум қилди Экология вазирлиги.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, шунингдек, ўсимлик турларини сақлаш ва муҳофаза қилиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турлари, доривор ва манзарали, техник жиҳатдан аҳамиятли ўсимлик турларининг популяцияларига зарар етказмаслик ҳамда уларнинг деградациясининг олдини олиш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Ботаника боғини маданият ва истироҳат боғига айлантириш тасдиқланмайди», — дейилади хабарда.

Экожурналист, Sreda.uz сайти муаллифи Наталия Шулепина биринчи бўлиб Ботаника боғини Фанлар академияси тасарруфидан ҳокимлик тасарруфига ўтказиш режасидан хавотир билдирди. Унинг ўрганишлари аксарият давлат идоралари ҳужжат лойиҳаси бўйича келишганини кўрсатди. Жамоатчилик норозилигидан сўнг Ботаника боғи ҳокимликлар тасарруфига ўтказилиши режалаштирилган истироҳат боғлари рўйхатидан чиқарилгани расман эълон қилинди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида маданият ва истироҳат боғларини бошқариш дирекцияларини ташкил этиш ҳамда барча давлат маданият ва истироҳат боғларини уларнинг тасарруфига ўтказиш президентнинг 24 мартдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган эди.

Наталя Шулепина ва бошқа фаоллар қарорни қабул қилишга шошилмасликка чақирмоқда.