Ўзбекистон Фанлар академияси Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент ботаника боғининг илмий муассаса мақомидан маҳрум этилиши, Фанлар академияси тузилмасидан чиқарилиши ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Истироҳат боғлари дирекциясига ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Фанлар академияси хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг «Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида""ги қарори лойиҳаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва project.gov.uz порталига муҳокама учун жойлаштирилган, бу ерда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар вазирликлар ва идоралар ўртасида мувофиқлаштирилади (жамоатчилик учун ундан фойдаланиш имкони йўқ).

«Қарор лойиҳаси келишув учун порталга жойлаштирилганда Фанлар академияси уни ниҳоятда салбий руҳда қабул қилди… Қарор лойиҳаси келиб тушган куннинг ўзидаёқ Фанлар академияси қарор лойиҳаси юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг масъул ижрочиси билан боғланди ва Ботаника боғини рўйхатдан чиқариб ташлаш лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг юқори турувчи органлар оғзаки тарзда хабардор қилинди», — дейилади хабарда.

Фанлар академиясининг мутаҳассислари томонидан асоснома тайёрланиб, белгиланган муддатдан чиқиб кетмаган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг 1-иловаси 193-тартиб рақам билан келган «Ботаника боғи»ни рўйхатдан чиқариб ташлаш қатъий талаб қилинди.

Академия Давлат активларини бошқариш агентлиги Фанлар академиясининг эътирозларини инобатга олган ҳолда Ботаника боғини қарор лойиҳасидан чиқариб ташлашига умид қилмоқда.

Бундан ташқари, президентнинг 2023 йил 31 майдаги «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ вазирликка Фанлар академияси билан биргаликда «Академик Ф.Русанов номидаги Ботаника боғи фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий салоҳиятини кучайтириш, моддий-техник базасини яхшилаш, ҳудудларда уларнинг тажрибасини қўллаш ва филиалларини ташкил этиш» бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган ва идоралараро келишувга жойлаштирилган.

«Мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ботаника боғининг имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда республикада биохилма-хиллик соҳасини илмий жиҳатдан ўрганиш тизими такомиллаштирилади ва Ботаника боғини бошқа вазирлик ва идораларга ўтказиш имкониятини чеклайди», — дейилади хабарда.

Фанлар академияси, шунингдек, ушбу ҳолатга муносабат билдирган барча ОАВ вакиллари, блогерлар ва фуқароларга миннатдорчилик билдирди.

Аввалроқ Sreda.uz сайти муаллифи, экожурналист Наталия Шулепина Тошкент ботаника боғини ҳокимлик тасарруфига ўтказиш режаси борлиги ҳақида биринчи бўлиб маълум қилганди. Экопартия эса Ботаника боғини Тошкент ҳокимлиги тасарруфига ўтказмасликка чақирган.