Давлат активларини бошқариш агентлиги Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги Истироҳат боғлари дирекциясига ўтказилишини назарда тутувчи қарор лойиҳасидан чиқарилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Фанлар академияси мазкур қарор лойиҳасидан Ботаника боғини чиқариш бўйича ўз таклифларини project.gov.uz тизими орқали 7 октябрь куни тақдим этган. Бу таклиф асосида боғ қарор лойиҳасидан чиқарилган.

Агентликнинг таъкидлашича, давлат маданият ва истироҳат боғларининг бино-иншоотларининг мол-мулки ва ер майдонларининг ноқонуний бегоналаштирилиш ҳолатлари аниқланган ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 12 та вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика ҳудудидаги барча маданият ва истироҳат боғлари хатловдан ўтказилган.

Хатлов натижасида ҳудудлардаги 262 та боғ 153 та ташкилот тасарруфида бўлиб, уларнинг айримлари ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келиб қолгани, уларни бошқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаётгани аниқланди ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган, дейилади хабарда.

Лойиҳада боғларни хусусийлаштириш ёки бошқача тартибда бегоналаштириш кўзда тутилмаган. Мазкур қарор лойиҳаси барча вазирлик ва идоралар, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қайта ишланган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритилади, дея таъкидлади агентлик.

Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳам ҳолатга муносабат билдирганди.

«Вазиятни ўрганган ва Ботаника боғи мутахассислари билан суҳбатлашган ҳолда шуни маълум қиламизки, Ботаника боғи Тошкент шаҳри ҳокимлиги балансига ўтказилмаган ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас. Ҳокимлик ушбу илмий даргоҳнинг мамлакат экотизимини асраш, ўсимликлар генофондини сақлаш ва кўпайтиришдаги аҳамиятини эътироф этади ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймайди», — дейилган баёнотда.

Ҳокимликнинг таъкидлашича, «Ботаника боғи истироҳат боғи эмас».

«У нафақат кўп навли ўсимликларни, балки шу соҳа мутахассисларини ҳам етиштиришга ёрдам берадиган илм-фан даргоҳидир. У нафақат пойтахтнинг, балки бутун мамлакатнинг дурдонасидир», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Sreda.uz сайти муаллифи, экожурналист Наталия Шулепина Тошкент ботаника боғини ҳокимлик тасарруфига ўтказиш режаси борлиги ҳақида биринчи бўлиб маълум қилганди. Экопартия эса Ботаника боғини Тошкент ҳокимлиги тасарруфига ўтказмасликка чақирган.

Фанлар академияси эса Ботаника боғини Тошкент ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини «ниҳоятда салбий руҳда қабул қилган». Ташкилот ҳужжатни ишлаб чиқувчига ўз эътирозларини юборган ва Ботаника боғини рўйхатдан чиқариб ташлашни талаб қилганди.