Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов раислигида «Ўзбекконсерт» давлат муассасасининг 9 ойлик фаолияти якунларига бўйича танқидий йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда муассаса матбуот хизмати.

Мажлис аввалида вазир ўринбосари муассаса раҳбари вазифасини бажариб келган Даврон Шералиевнинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилганини билдирди. Шу пайтга қадар директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келган Эрданов Санжар Собирович «Ўзбекконсерт» директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Шундан сўнг, ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган ҳудудий бўлим раҳбарларининг айримлари охирги маротаба огоҳлантирилди. Шунингдек, йил якунигача иш фаолиятида ижобий натижага эришишлари зарурлиги билдирилиб, ўзгариш бўлмаса, вазифасидан озод этилишлари таъкидланди.

ўзбекконцерт, Санжар Эрданов

Йиғилиш давомида муассасанинг иш фаолияти қайта кўриб чиқилиб, бир ой мобайнида янги ижодий лойиҳалар бўйича аниқ чоралар белгиланиши қайд этилди. Республика бўйлаб ташкил этилаётган концерт-томоша ва кўнгилочар тадбирларининг дастурларини алоҳида эътиборга олиш, камчликлар ва хатоларини бартараф этиш учун ҳудудий оммавий тадбирлар комиссиялари орқали иш олиб бориш каби масалалар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат филармонияси директори ўринбосари Даврон Шералиев 2022 йилнинг май ойида «Ўзбекконцерт» директори этиб тайинланганди.