Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган XIХ ёзги Осиё ўйинларида жами 71 та медаль билан умумий ҳисобда 5-ўринни эгаллаган Ўзбекистон терма жамоасига табрик йўллаб, бу кўп миллатли халқни чексиз қувонтирганини маълум қилди.

Спортчилар кураш, дзюдо, бокс, енгил атлетика, бадиий гимнастика бўйича тенгсиз, таэквондо, велоспорт, оғир атлетика, футбол мусобақаларида эса етакчилар сафида, деди давлат раҳбари.

«Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган бу мусобақаларда миллий терма жамоамиз аъзолари ўзларининг беқиёс маҳорати, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этиб, 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир. Олтин медаллар 31 нафар спортчимиз томонидан қўлга киритилган бўлса, уларнинг тенг ярми қизларимиз ҳиссасига тўғри келганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни ўринли деб биламан», деди Шавкат Мирзиёев.

132 нафар вакил жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада Хитой Халқ Республикаси, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллади. Таркиб, айниқса, Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Вьетнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдирди, дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Янги Ўзбекистон бунёдкорларини вояга етказиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш мақсадида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яна бир амалий натижаси сифатида барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, миллионлаб тенгдошларингиз учун ўрнак ва намуна бўлиб хизмат қилади. Фурсатдан фойдаланиб, сизлар каби салоҳиятли, иродаси мустаҳкам, эл-юртга садоқатли ёшларни тарбиялаб камолга етказган меҳрибон ота-оналарингизга, сизлар билан ёнма-ён туриб, юксак чўққиларни забт этишингизга муносиб ҳисса қўшган моҳир ва жонкуяр устоз-мураббийларингизга ўз номимдан, халқимиз номидан чин дилдан ташаккур изҳор этаман. Йирик халқаро спорт беллашуви — Осиё ўйинларида қўлга киритган тарихий натижаларингиз билан сизларни яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда янги-янги зафарлар, оилаларингизга бахту саодат тилайман, деди президент.

Давлат раҳбари ушбу натижа Ўзбекистон спорти тарихида яна бир ёрқин саҳифа очганини таъкидлади.

Табрикда президент Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган қир қатор спортчилар, хусусан, Баҳодир Жалолов, Жалгасбай Бердимуратов, Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Диёра Келдиёрова, Тахмина Икромова, Севинч Раҳимова, Вилана Савадян, Эвелина Аталянц, Шарифа Давронова, Сафина Саъдуллаева, Музаффар Тўрабоев, Ольга Забелинская, Шоҳмурод Холмуродов, Нурислом Тўхтасин ўғли, Умид Эсонов, Артём Штурбабин, Ҳилола Ортиқбоева, Муҳсин Ҳисомиддинов, Зайнаб Дайибекова, Плиего Лара Мария Паола, Херрера Лара Луиза Фернанда, Гулистон Пердебаева, Анна Пракатень, Шеҳроз Ҳакимов, Дилшоджон Худойбердиев, Давиржон Давронов, Алишер Турдиев, Муроджон Йўлдошев ва бошқа спортчиларнинг нодир истеъдоди, маҳорати ва қобилиятига барча спорт мухлислари яна бир бор тан берганини билдирди. Ўзбек қиличбозлик спортининг ифтихорига айланган Зайнаб Дайибекова сабля жамоа дастурида Осиё қитъасида тенгсизлигини, Анвар Клевлеев эса слаломда эшкак эшиш беллашувида аксарият рақибларидан кучли эканини амалда намоён этгани алоҳида тилга олинди.

Ўз навбатида, 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққиларни забт этишингизга ишонаман, деди давлат раҳбари.

Қонунчиликка кўра, Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчилар, уларни тайёрлаган мураббийлар ва бошқа мутахассислар қўшимча равишда пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.

Эслатиб ўтамиз, ўйинларнинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Фото: Бош вазир матбуот хизматиФото: Бош вазир матбуот хизмати