Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди блогер Амирхон Шамсиддиновнинг Repost.uz журналисти Виолетта Мустафинага нисбатан таҳдидларидан хавотир билдирди.

Аввалроқ нашр ўзининг Instagram аккаунтида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида итни тепмоқчи бўлган Шамсиддинов ҳақидаги видео эълон қилинганидан сўнг Repost.uz ходими таҳдид ва ҳақоратларга учрагани ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари, эркак унинг шахсий фотосуратларини ҳақоратли сўзлар билан тарқатган.

Фонд бундай хатти-ҳаракатларни «мутлақо қабул қилиниши мумкин бўлмаган» деб атади ва «зўравонлик ва ҳурматсизликнинг бундай кўринишлари қатъий қонуний жавобгарликка тортилиши кераклигини» таъкидлади.

«Фонд Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ва журналистларнинг хавфсизлиги кафолатланиши кераклигини таъкидлайди. Масс-медиа фонди ушбу вазиятни кузатиб боради ва журналистларнинг сўз эркинлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини давом эттиради», — дейилади баёнотда.

Repost.uz ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилмоқчилиги ҳақида хабар берган.

Февраль ойида Чирчиқ шаҳрида яшовчи Амирхон Шамсиддинов Тошкентдаги Milavitsa аёллар ички кийимлари дўконининг ташқи витринасига моделлар сурати туширилгани ва бундай суратларни жойлаштиришга «рухсат берган» туман ҳокимлигини танқид қилган эди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси блогерни Чирчиқ ИИБга таклиф қилгани, ўтказилган суҳбатда у юқорида келтирилган дўкондаги реклама баннерларига нисбатан муносабатини «ўзининг диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирганини» айтгани маълум қилинган.

Суд қарори билан йигитга нисбатан нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−2-моддасига (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.