Тошкентдаги Milavitsa ички кийимлар дўконининг ташқи витринасига моделлар сурати туширилгани ва бундай суратларни жойлаштиришга «рухсат берган» туман ҳокимлигини танқид қилган блогер 24 ёшли Чирчиқ шаҳрида яшовчи Ш. А. бўлиб чиқди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИБ хабар берди.

«Мана бунга аҳамият беринг. Яхшилаб қаранг. (Болаларнинг — таҳр.) кўзларини тезроқ очилсин деб бунга рухсат бердингларми? Тўртинчи, бешинчи синф ўқувчилари шу ердан ўтади. Бунга чора кўрасизларми?», — деганди блогер видеода.

Кейинроқ муаллиф яна бир видео эълон қилган. Унда дўкон ойнасида моделларнинг фотосуратлари йўқлигини кўриш мумкин.

«Боллар, мана буни қаранглар. Кечаги видеодан кейин бу ердаги фоҳишаларнинг расмини олиб ташлашибди. Раҳбарларга тушунгани учун раҳмат. Кўряпсизми, ҳаммамиз бир жамоа бўлиб муштни бир жойга урсак, кўп ишларни ҳал қилиб ташласак бўлади», — дея мурожаат қилган у обуначиларга.

Бироқ орадан вақт ўтиб, ички кийимлар дўкони моделлар суратини витринага қайтарди, уларнинг бир қисмини алмаштирди. Ҳокимлик эса дўконни суратларни олиб ташлашга мажбурламаганини билдирди.

Пойтахт ИИББнинг хабар беришича, 16 февраль куни Ш. А. Чирчиқ шаҳар ИИО ФМБ таклиф этилган. Ўтказилган суҳбатда у юқорида келтирилган дўкондаги реклама баннерларига нисбатан муносабатини «ўзининг диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирганлигини» айтган.

Шунингдек, эркак турли диний мавзудаги материалларни амалдаги қонунчиликка зид равишда ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали тарқатиб келаётганлиги аниқланган. У билан «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунига асосан ўтказилган профилактик суҳбат давомида қонунчилик ҳужжатлари талаблари тушунтириб ўтилган.

Хусусан, унга тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши каби қонун нормалари тушунтирилган. Тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли экани маълум қилинган.

«Турмушда ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг шахсий диний ва ахлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда аралашиши мумкин эмас. Ушбу тартибга қарши ҳар қандай инсонларнинг ҳаракати қонун асосида қатъий таъқиб қилинади», — дейилади бошқарма хабарида.

Қайд этилишича, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Шу муносабат билан, суд идоралари томонидан фуқаро Ш. А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−2-моддасига (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

«Турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятимизда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз гап-сўз ва саъй-ҳаракатлар аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлади. Жамиятда қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қилган ҳолда, миллий қонунчилигимизга итоаткор бўлишга чақирамиз», — дейилади Тошкент ИИББ ахборотида.