Рафаэль Нуритдинов яшайдиган уй Сергели туманининг Қурувчилар массивида баланд метро ўтказгич остида жойлашган. Кечаси кучли портлаш содир бўлган Inter Logistics компаниясининг майдони ва омбор бу уйдан бир неча метр узоқликда, холос.

Портлаш бўлган куни омбор томондан унинг уйига оғирлиги тахминан 7 кг бўлган металл буюм учиб кирган. У уйнинг томини тешиб, коридорга тушган.

Болалар хонасида иккита каравот бор. Деворда узун ёриқ пайдо бўлган, болалар ухлаётган каравотда синган шиша парчаларини кўриш мумкин эди. «Йўқ, бундан ҳеч ким жароҳат олмади», — дея ҳолатга аниқлик киритди Рафаэль.

портлаш, сергелидаги портлаш

Уй эгаси болалар хонасини кўрсатаётганда, унинг аёли хонада ибодат қилаётганди. Намозни тугатгандан сўнг, у мухбирлар билан саломлашди ва воқеадан сўнг узоқ вақт давомида ўзига кела олмаганини айтди.

«Мен соғ қолганимиз учун ибодат қилдим. Тирик эканлигимизга шукурлар айтдим», — деди у.

портлаш, сергелидаги портлаш

Нуритдиновлар оиласи сингари, массивнинг бошқа кўплаб аҳолиси уйқудан тирик уйғонганидан, шунингдек, расмийларнинг тезкор ёрдам берганидан миннатдор.

Портлаш соат 2:52 да содир бўлган. Аҳолининг сўзларига кўра, дастлаб омборда ёнғин келиб чиққан (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин ҳақида 2:43 да хабар олганини ва воқеа жойига 2:48 да ўт ўчирувчилар келганини хабар қилганди). Кейин кучли портлаш юз берган.

Фавқулодда вазият содир бўлган жойдан 1,5 километр узоқликда яшайдиган Нуриддин Султоновнинг айтишича, унинг уйида дераза ва ромлар қимирлаган.

портлаш, сергелидаги портлаш

3Б уйда яшовчи Гўзал Нурматованинг квартирасида янги пластик рамка кўчиб тушиб, парчалари ерга сочилиб кетган. Портлашдан олдин у онаси билан омборхонада чиққан ёнғинни кўрган ва ошхона балконига яқинлаша бошлаган. Портлаш содир бўлганда, зарба тўлқини уларни ошхонага улоқтириб юборган. Оқибатда Гўзал Нурматова бўйнидан жароҳат олган, онаси эса бошини ерга уриб олган.

«Тўлқин кучли бўлди. Менинг квартирамда мой шишаси портлаб кетди. Ҳамма қўшниларнинг ҳаёлига уруш бошланди деган фикр келди», — деди у.

Худди шу уйда яшовчи Олломурод Жанибеков ёнғиндан кейин қутқарувчилар келишни бошлаганини пайқаганини айтади. У деразадан нима бўлаётганини видеога олган. Кейин у портлашни кўрган ва заррачалар учиб келган пайти хона бурчагига яширинишга улгурган. Аммо тўлқин шунчалик кучли бўлганки, ҳатто отасининг портретидаги шишали рамка ёрилиб кетган. Ўша пайтда унинг хотини ошхонага кетаётган бўлган. Бир парча стакан бўлаги унинг ўнг қошига теккан.

портлаш, сергелидаги портлаш

Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров «Газета.uz» билан суҳбатда портлаш йўл бўйида жойлашган биринчи қатордаги асосий уйлардаги аксарият хонадонларга енгил ёки оғир даражада шикаст етказганини айтди. Бу 9A, 3Б, 3 В, 3Д, 34 ва бошқа уйлардир. Бу уйларнинг дераза ва ромлари, эшиклари синиб, шикаст етган.

Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг хабар беришича, 592 хонадоннинг 26 та кўп қаватли биноси ва 8 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та боғчанинг ташқи фасади, дераза ромлари ва ойналари шикастланган. 24 та кўп қаватли ва 25 та ҳовли уйларнинг томлари ҳам зарар кўрган.

портлаш, сергелидаги портлаш

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, воқеада 163 киши жароҳатланган. Улардан 24 нафари касалхонага ётқизилган. 2006 йилда туғилган ўсмир йигит вафот этди. Аҳолининг айтишича, бола дераза ромлари ва шиша синиқларидан яраланган.

Аҳолининг сўзларига кўра, улар портлашдан сўнг ваҳима ичида кўчага югуришган. Кўпчилик тунни скамейкаларда ёки машиналарда ўтказган.

«Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларидан квартираларни тарк этиш, ҳовлига тушиш ва вақтинча бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш сўралди», — деди Гўзал Нурматова.

«Бутун ҳовли „тез ёрдам“ билан гавжум эди. Улар бизга биринчи ёрдам ва психологик кўмак кўрсатишди. Уларга катта раҳмат», — дея таъкидлади Наргиза Абдурахманова.

Массив аҳолисининг айтишича, воқеа жойига соат 5:30 да Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов етиб келган.

Жабрланганларга ёрдам бериш учун Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ободонлаштириш бош бошқармаси ва бошқа хизматлар ходимлари келишган. Жойида тезкор штаб ташкил этилди.

портлаш, сергелидаги портлаш

Ҳарбийлар ва ободонлаштириш хизмати ходимлари аҳолига квартираларни тозалашда ёрдам берди. Улар парчаланган буюм ва жиҳозларни йиғиб чиқди, дераза ромларини, эшикларни кўчиришди ва квартиралардан олиб чиқиб ташлашди. Чиқиндилар юк машиналарига юкланди.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи хонадон эгаларига етказилган зарар қопланишини ваъда қилди. Гўзал Нурматованинг айтишича, расмийлар деразаларни икки-уч кун ичида алмаштиришга ваъда берган. Мутахассислар дераза ромларини ўлчаб, аллақачон янгиларини ўрнатишни бошлаган.

портлаш, сергелидаги портлаш

Ҳарбийлар ҳовлиларда чодир ўрнатди. У ерда аҳолига тиббий-психологик ёрдам кўрсатилмоқда, кунига уч маҳал овқат тайёрланмоқда. Хизматчилар, шунингдек тиббий психологлар квартираларга кириб, аҳоли билан мулоқот қилмоқда.

«Портлаш оқибатларини бартараф этиш ишларига 100 дан ортиқ ҳарбий техника ва Мудофаа вазирлигининг 2000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари, шунингдек, ҳарбий шифокорлар жалб қилинган», — деди Мудофаа вазирлиги Бош бошқармаси бошлиғи, полковник Халилов.

«Ҳар бир подъездда 60−80 киши яшайди. Биз ҳар бир уйга кириб чиқдик. Мақсад кимга тиббий ёки бошқа ёрдамга муҳтожлигини билиш. Уларга керакли дори-дармонлар берилди. Агар стационар ёрдам зарур бўлса, бизда тез ёрдам бор. Одамларни маршрут бўйлаб касалхоналарга юборамиз. Тиббиёт марказида педиатр, терапевт, жарроҳ ва психолог ишлайди», — дейди Чилонзор туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Рано Носирова.

Биринчи ахборот эрталаб соат 5 да келиб тушди, соат 6 атрофида биз воқеа жойида эдик ва ёрдам бера бошладик. Тез ёрдам машинаси олдинроқ келиб бўлганди, дея қўшимча қилди у.

портлаш, сергелидаги портлаш

Омборхонадаги ёнғин эрталаб соат 10:47 да ўчирилди. Тошкент шаҳри ҳокимияти пойтахтнинг 12 та туман ҳокимликларига зарар кўрган объектларни тиклаш бўйича вазифаларни тақсимлади.

Квартиралари бузилган баъзи одамлар вақтинча қариндошлариникига кўчиб ўтди. Кимдир меҳмонхонага жойлаштирилди. Бошқалар уйда қолиб, рамкаларни алмаштириш учун ўз навбатини кутишмоқда. Бош штаб 24 соат ишлаб турибди.

Бундай кучли портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Синган деразадан ташқарига қараб, одамлар бу бошқа такрорланмаслигига умид қилмоқда.

Ўша куни манзилдаги уйлардан бирида тўй бўлиши режалаштирилганди. Анъанага кўра, кириш эшиги бир кун аввал гуллар билан безатиб кетилган экан. Гарчи квартираларда газ узилиши туфайли тадбир кўлами бироз қисқаришига тўғри келган бўлса ҳам тўй эгалари маросимни бекор қилмасликка қарор қилди.

портлаш, сергелидаги портлаш