Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисида «Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, мамлакатда донор қонидан дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, фармакологик воситалар ва дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш мақсадида тармоқдаги айрим чекловларни бекор қилиш, шунингдек, дори воситаларини ва фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш шартларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган.

Ушбу қонун билан «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунига фармакологик воситаларнинг ёки дори воситаларининг клиник тадқиқотларида соғлом шахсларнинг ихтиёрий равишда иштирок этиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддатларини ўзгартириш учун имкониятни назарда тутувчи, шунингдек, бир ишлаб чиқарувчининг турли савдо номлари остидаги, таркиби бир хил дори моддаларидан иборат бўлган дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун шарт-шароитлар яратувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонунга донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган фармацевтика ташкилотларига донор қони ва унинг таркибий қисмларини хусусий тартибда тўплашни, тайёрлашни, қайта ишлашни ва сақлашни амалга оширишга рухсат берадиган ўзгартиришлар киритилмоқда.

«Қонун билан донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлашни хусусий тартибда амалга оширишга бўлган тақиқ бекор қилинаётгани, яъни ушбу соҳа давлат монополиясидан чиқарилаётгани ниҳоятда муҳим. Бироқ, шуни ҳам айтиш керак, қон ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлашнинг қатъий ва ўзгармас махсус стандартлари бўлиши шарт! Бу оддий иш эмас. Айниқса бугунги кунда қон билан юқадиган турли касалликларнинг мавжудлиги бу борада ниҳоятда катта масъулият, юксак малака ва синчковликни талаб қилади», — дейди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун қон препаратларига бўлган эҳтиёжни маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қоплашга, дори воситаларининг янги турлари ишлаб чиқарилишини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.