Қозоғистон Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Ғарб давлатларининг ушбу РФга нисбатан жорий этган санкцияларига амал қилади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 28 сентябрь куни Берлинда Германия канцлери Олаф Шольй билан музокарадан сўнг маълум қилди.

«Қозоғистон [Россияга нисбатан] санкция режимига амал қилишини аниқ айтди. Унинг бажарилиши юзасидан тегишли ташкилотлар билан алоқаларимиз бор ва менимча, немис томонида санкциялар режимини четлаб ўтишга қаратилган эҳтимолий ҳаракатлар юзасидан хавотир бўлмаслиги керак», — дея таъкидлади Қозоғистон раҳбари.

Тоқаев, шунингдек, Қозоғистон Россия ва Украина ўртасидаги «ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш» ва «БМТ Низоми асосида тинчлик музокаралари тарафдори» эканини билдирди.

«Бугун мен муҳтарам жаноб канцлерга вазият жуда жиддий эканини айтдим. Украина ҳам, Россия томони ҳам музокараларга тайёр эканлигини даъво қилмоқда, бироқ музокаралар платформаси ҳали аниқ эмас», — деди у.

Тоқаевнинг сўзларига кўра, Россия билан узоқ чегарага эга Қозоғистон РФ унинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солишидан қўрқмайди.

«[Россия ва Қозоғистон ўртасидаги] чегара бир вақтлар делимитация қилинган ва салмоқли даражада демаркация қилинган, икки давлат парламентлари томонидан тасдиқланган ва ратификация қилинган, шунинг учун биз Россия томонидан ҳудудий даъволардан хавотирда эмасмиз. Биз икки томонлама асосда мунтазам, дўстона алоқаларни давом эттирамиз», — деди у.

Қозоғистон президенти ўз мамлакати Ғарб санкцияларига амал қилаётганини биринчи марта айтаётгани йўқ. Июнь ойида Тоқаев оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон орқали РФга икки мақсадли маҳсулотлар экспорт қилиниши ҳақидаги хабарлар «мутлақо ёлғон» эканини айтганди. Бунгача Қозоғистон Молия вазирлиги Россия бозорига электрон бутловчи қисмлар импортининг «оралиқ манзили» деб аталган юқори даражадаги суриштирув натижалари эълон қилинганидан кейин Россияга маҳсулотлар экспорти устидан назоратни кучайтиришга ваъда берган эди.

Европа Иттифоқи бир неча ойлардан бери Россияни ўзига қарши ўрнатилган савдо чекловларини четлаб ўтиш имкониятидан маҳрум қилишга уриниб келмоқда. Ёзда Европа Иттифоқи санкция остидаги товарларнинг РФга киришига хисса қўшаётган учинчи давлатларга нисбатан санкциялар жорий этиш имконини берувчи механизмни тасдиқлади.