Қозоғистон Ғарбнинг Россияга қўйган санкцияларига риоя қилиш бўйича барча халқаро қоидаларга амал қилади. Бу ҳақда 20 июнь куни Қасим-Жомарт Тоқаев Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан Остонадаги учрашуви якунида маълум қилди.

«Россияга икки хил мақсадда ишлатиладиган товарлар экспорти ҳақида гапирсак, бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Токаев Қозоғистон Россия билан савдо алоқаларини қўллаб-қувватлашини ва «бу амалдаги халқаро стандартларга тўлиқ мос келишини» таъкидлади.

Май ойида Financial Times 2022 йилда Европа Иттифоқи давлатларидан Россия орқали транзит пайтида қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган экспорт товарлари «йўқолиб қолгани» ҳақида ёзганди. Маҳсулотлар Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга олиб борилган.

«Европа Иттифоқига кўра, ҳарбий ёки разведка хизматларида қўлланиши мумкин бўлган ва экспорт назорати остидаги ушбу товарлар Россияга тўғридан-тўғри Европа Иттифоқидан фақат транзитда бўлгани баҳонасида олиб кирилиши мумкин», — дейилади FT мақоласида.

Кейинчалик OCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази) бир нечта нашрлар билан биргаликда Россия Ғарб санкцияларини қандай четлаб ўтаётганига оид текширувни эълон қилди. Унда айтилишича, Қозоғистон Россияга дрон ва микрочиплар олиб кириш учун «оралиқ манзил»га айланган. Бунга жавобан Қозоғистон вазирлиги санкция қўйилган товарларнинг Россияга экспорти устидан назоратни кучайтиришга ваъда берган.

Маълумки, ЕИ Россияга савдо чекловларини четлаб ўтишга ёрдам бераётган учинчи мамлакатлар, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистон компанияларига қарши янги санкцияларни қабул қилишга тайёрланмоқда.