Қозоғистон Россияга санкцион товарлар экспорти бўйича қўшимча хатарларни бошқариш тизимини жорий қилади, деб хабар бермоқда LS ахборот агентлиги.

Бу ҳақда Қозоғистон молия вазири Ерулан Жамаубаев журналистларнинг Россия Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш йўлида Қозоғистондан фойдаланаётгани ҳақидаги суриштирувига изоҳ берар экан.

Қандай суриштирув ҳақида гап кетмоқда?

Аввалроқ OCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази) «Важные истории» (Россия), Der Spiegel (Германия) ва «Власт» (Қозоғистон) нашрлари билан биргаликда Ғарбнинг 2022 йил февраль ойида Украинага бостириб киришига жавобан Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтишга оид қўшма суриштирувни эълон қилган эди.

Суриштирув шуни кўрсатадики, Қозоғистон Россияга кейинчалик РФ армияси ва мудофаа корхоналари томонидан қўлланиладиган электрон қисмларни олиб кириш учун «оралиқ тўхташ жойи»га айланган.

Суриштирув маълумотларига кўра, уруш бошланганидан кейин Қозоғистонда санкциялар туфайли РФга етказиб беришни тўхтатган ишлаб чиқарувчилардан дрон ва микросхемаларни сотиб олиб, кейинчалик уларни Россияга жўнатадиган компаниялар очилган. Компанияларнинг эгалари Россия фуқаролари ҳисобланишади.

Қозоғистон Молия вазирлиги раҳбари мамлакат Россияга дрон ва микрочиплар етказиб бермаслигини маълум қилди, бироқ журналистлар суриштирувида тилга олинган компаниялар ҳақидаги маълумотларни текширишга ваъда берди.

«Ўтган ой АҚШ ва Европадан делегация [Қозоғистонга] келди. Агар санкциялар остидаги товарлар Россияга кирса, улар рўйхатини беришлари ҳақида келишиб олдик. Ушбу рўйхатга кўра, биз тўғрироқ ва диққат билан текширамиз. Мақсадимиз санкциялар бузилишининг олдини олишдир», — деди Ерулан Жамаубаев.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда шартномага кўра, мамлакат РФга «бундай товарлар» жўнатмайди, лекин ҳукумат «ҳар қандай тадбиркорни ушлаб, унга ҳуқуқбузар сифатида қарай олмайди».

«Энди рискларни бошқариш бўйича қўшимча тизимини жорий этамиз ва агар бу имконият бой берилса, биз бунга йўл қўймаймиз. Ахир бизда декларация топшириши керак бўлган минглаб тадбиркорлар бор ва балки улар бошқа маҳсулот деб кўрсатишгандир», — деди Жамаубаев.

Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Ўзбекистонга ташриф буюрган ва ЕИ Россиянинг учинчи давлатлар орқали санкцияларни четлаб ўтишидан хавотирда эканини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, ЕИ Ўзбекистон томонига Евроиттифоқда ишлаб чиқарилган икки томонлама ёки ҳарбий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган товарлар рўйхатини топширган — булар блок-схемалар, микрочиплар, оптик жиҳозлар, масалан, қанотли ракеталарда қўлланиладиган. О’Салливаннинг сўзларига кўра, ЕИда сўнгги пайтларда ушбу рўйхатдаги товарларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали экспорти 126 фоизга ошган.

Май ойида Reuters Европа Иттифоқи Россияга савдо чекловларини четлаб ўтишга ёрдам бераётган учинчи давлатлар, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистон компанияларига қарши янги санкциялар тайёрлаётгани ҳақида ёзган эди.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўзининг сўнгги минтақавий шарҳида Украинадаги урушнинг Марказий Осиё мамлакатларига кутилмаган таъсирини қайд этди. ХВЖ маълумотларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиёда салбий прогнозлардан фарқли равишда иқтисодий ўсиш кузатилган. Бунинг сабабларидан бири анъанавий савдо йўлларининг беқарорлашуви туфайли Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги транзит савдосининг ортиши билан боғлиқ.