Европа Иттифоқи Украинага бостириб кириши муносабати билан Россияга қарши киритилган 11-санкция пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда Еврокомиссия сайтида хабар берилди.

Пакет савдо, транспорт ва энергетика соҳаларида санкциялар, шунингдек, 2022 йил февралидан кейин киритилган чекловларни четлаб ўтишга қарши чора-тадбирлар ўз ичига олади.

«Бугунги пакет Россия ва Путиннинг уруш машинасига босимимизни оширади. Санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиб, Россияга босимни кучайтирамиз ва уни Украинага қарши ноқонуний урушни давом эттириши учун зарур бўлган ресурслардан янада маҳрум қиламиз», — деди Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель.

Европа Иттифоқи нималарни тақиқлади?

  • Россия қуроллари учун яна 15 тоифадаги компонентларни экспорт қилиш;
  • Россия бозорига двигатель ҳажми 1,9 литрдан ортиқ бўлган янги ва ишлатилган автомобилларни, шунингдек, электр ва гибрид транспорт воситаларини экспорт қилиш;
  • Рухсат этилган товарларни Европа Иттифоқидан ташқарида ишлаб чиқара олмаслиги учун интеллектуал мулк ҳуқуқларини ёки тижорат сирларини учинчи мамлакатларга сотиш, лицензиялаш ёки ўтказиш;
  • Россиядан тиркамалар ва ярим тиркамаларнинг киритилиши;
  • Россия нефтини «Дружба» қувурининг шимолий тармоғи орқали Германия ва Польшага ташиш.

Санкцияларни четлаб ўтишга қарши чоралар

Европа Иттифоқи Россиянинг санкцияларни четлаб ўтиш муаммосини ҳал қилиш учун пакетга янги механизмни киритди. Бу санкцияга учраган товарлар ва технологиялар Россия бозорига кирадиган учинчи давлатларга нисбатан чекловларни жорий этишга имкон беради.

Бу қандай ишлайди?

Европа Иттифоқи санкцияларни четлаб ўтиш бўйича учинчи давлатлар билан «икки томонлама ва кўп томонлама» ҳамкорликни кучайтиришга ва уларга «техник ёрдам» кўрсатишга ваъда бермоқда.

Агар ҳамкорлик «кутилган натижаларни бермаса», Европа Иттифоқи Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган учинчи давлат компанияларига қарши индивидуал санкцияларни қўллайди.

Қонунбузарликлар давом этиб, «жиддий ва тизимли» бўлса, Европа Иттифоқи Россияга экспорти тақиқланган товарлар ва технологияларни учинчи мамлакатларга экспорт қилишни чеклаши мумкин.

«Бошқа индивидуал чоралар ва Европа Иттифоқининг манфаатдор учинчи давлатлар билан ҳамкорлиги четлаб ўтишнинг олдини олиш учун етарли эмаслиги исботланган тақдирда, „айланиб ўтишга қарши“ ушбу янги восита истисно ва охирги чора бўлади», — дейилади Европа Кенгаши баёнотида.

Ушбу механизм доирасида Россия ҳарбий-саноат комплексини бевосита қўллаб-қувватловчи яна 87 та корхона санкциялар рўйхатига қўшилди. Улар икки мақсадли товарлар ва илғор технологиялар экспортига нисбатан қаттиқроқ чекловлар қўйилади.

Улар орасида Хитой, Ўзбекистон, БАА, Сурия ва Арманистонда рўйхатдан ўтган компаниялар бор.

Санкциялар остида қолган Ўзбекистон корхоналари Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia ҳисобланади. Аввалроқ АҚШ уларга нисбатан экспорт чекловларини жорий қилганди. АҚШ Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, улар Россия ҳарбий ва мудофаа саноати эҳтиёжлари учун Америка товарларини сотиб олишда санкцияларни четлаб ўтишга ҳаракат қилган.

Санкциялар яна кимларга таъсир қилди?

Шунингдек, 100 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар қўлланган. Уларнинг Европа Иттифоқидаги активлари музлатилиши керак. Улар орасида юқори мартабали ҳарбий амалдорлар, уруш бўйича қарор қабул қилувчилар, украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда иштирок этган шахслар, Украина фуқароларига қарши қарорлар қабул қилган судьялар, Украина маданий меросини талон-торож қилишда айбланганлар, тадбиркорлар, пропагандачилар, шунингдек, Россия IT компаниялари мавжуд.

Бундан ташқари, ЕИ Россиянинг RT Balkan, Oriental Review, «Царьград», New Eastern Outlook ва Katehon телеканаллари учун трансляция лицензияларини тўхтатди.

«Ушбу ОАВ Россия раҳбариятининг доимий бевосита ёки билвосита назорати остида бўлиб, улар Европа Иттифоқи ва қўшни мамлакатлардаги фуқаролик жамиятига қарши қаратилган, фактларни қўпол равишда бузиб кўрсатувчи ва манипуляция қилувчи доимий ва келишилган тарғибот ҳаракатлари учун фойдаланилади», — деди Жозеп Боррель.

Марказий Осиё давлатлари ва Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш

Март ойида Европа Иттифоқи Россияга икки мақсадли технологияни сотиб олишга ёрдам берадиган учинчи мамлакатларга савдо чекловларини жорий этишга ваъда берганди. Бундай товарларга, масалан, кир ювиш машиналари, эски машиналар ва фотокамералар киради.

Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Ўзбекистонга ташриф буюрган. Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Европа Иттифоқи расмийлари Ўзбекистон ҳудуди орқали Россияга олиб кириш тақиқланган Европа товарлари экспорти 126 фоизга ошганини кузатган.

Май ойида Financial Times 2022 йилда Европа Иттифоқи давлатларидан Россия орқали транзит пайтида қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган экспорт товарлари «йўқолиб қолгани» ҳақида ёзганди. Маҳсулотлар Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга олиб борилган.

Кейинчалик OCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази) бир нечта нашрлар билан биргаликда Россия Ғарб санкцияларини қандай четлаб ўтаётганига оид текширувни эълон қилган. Унда айтилишича, Қозоғистон Россияга дрон ва микрочиплар олиб кириш учун «оралиқ манзил»га айланган. Бунга жавобан Қозоғистон вазирлиги санкция қўйилган товарларнинг Россияга экспорти устидан назоратни кучайтиришга ваъда берган.