Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақдаги фармонни унинг президенти Самвел Шахраманян имзолади, деб хабар беради News.am.

«2024 йил 1 январгача бўйсунувдаги барча давлат муассасалари ва ташкилотлари тугатилиб, Тоғли Қорабоғ Республикаси (Арцах) ўз фаолиятини тўхтатсин», — дейилади фармонда.

Ҳужжатда қайд этилишича, қарор «оғир ҳарбий-сиёсий вазият» муносабати билан, «Арцах халқининг жисмоний хавфсизлиги ва ҳаётий манфаатларини таъминлаш устуворлиги асосида», шунингдек, тан олинмаган республика ва Озарбайжон ўртасидаги келишувни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.

Тоғли Қорабоғ аҳолиси, шу жумладан, тан олинмаган республикадан ташқарида бўлганларга Озарбайжон томонидан тақдим этилган «реинтеграция шартлари билан танишиш» ва минтақада қолиш ёки кетиш тўғрисида ўз қарорларини қабул қилиш таклиф қилинади.

Ҳужжат эълон қилинганидан кейин дарҳол кучга киради.

Тоғли Қорабоғдаги можаронинг авж олиши 19 сентябрда Озарбайжон тан олинмаган республикада «аксилтеррор операцияси» бошланганини эълон қилиб, жумладан, пойтахт Степанакертни ўққа тута бошлаганидан кейин юз берди.

20 сентябрь куни томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Тоғли Қорабоғ ҳукумати Озарбайжоннинг талабларига рози бўлди: тан олинмаган республика армияси тарқатиб юборилади ва унинг ҳудудидан ҳарбий техника олиб чиқилади. Келишувга кўра, маҳаллий аҳолининг реинтеграцияси ва хавфсизлиги масалалари Озарбайжон вакиллари билан учрашувларда ҳал этилади.

Степанакерт таслим бўлгач, этник арманлар Тоғли Қорабоғни оммавий равишда тарк эта бошлади. Арманистондан олинган сўнгги маълумотларга кўра, тан олинмаган республика ҳудудидан 65 минг киши мамлакатга эвакуация қилинган.