25 сентябрь соат 17:00 ҳолатига кўра, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси (ТҚР)дан Арманистонга 6500 дан ортиқ одам етиб келди. Бу ҳақда Арманистон ҳукумати сайтида хабар қилинди.

Тоғли Қорабоғдан қочқинларни эвакуация қилиш бир кун аввал бошланган. «Яқинда ўтказилган ҳарбий амалиётлар натижасида бошпанасиз қолган ва республикани тарк этиш истагида бўлган оилалар Россия тинчликпарвар кучлари ҳамроҳлигида Арманистонга олиб кетилади», — дея хабар берди ўзини ўзи эълон қилган ТҚР ҳукумати 24 сентябрь куни.

ТҚР президенти маслаҳатчиси Давид Бабаяннинг Reuters агентлигига билдиришича, Тоғли Қорабоғнинг 120 мингдан ортиқ этник арманлари Озарбайжон таркибида яшашни истамагани учун минтақани тарк этиб, Арманистонга кетишади.

«Халқимиз Озарбайжоннинг бир қисми сифатида яшашни хоҳламайди. 99,9 фоизи тарихий ерларимизни тарк этмоқчи», деди у агентликка ва Тоғли Қорабоғ арманлари этник тозалашдан қўрқишини қўшимча қилди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев эса, ўз навбатида, Қорабоғ арманларининг озарбайжон жамиятига қайта интеграциялашуви жараёни муваффақиятли кечишига ишонч билдирди. У, шунингдек, Озарбайжон ҳудуднинг арман аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш бошланганини айтди.

Аввалроқ Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат Тоғли Қорабоғ аҳолисини «агар уларнинг бу ҳудудда қолиши мумкин эмаслиги аниқланса» қабул қилишга тайёрлигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Арманистонда 40 мингдан ортиқ кўчириладиганлар учун жойлар тайёрланган.

Тоғли Қорабоғдаги можаронинг авж олиши 19 сентябрь куни Озарбайжон тан олинмаган республикада «аксилтеррор операцияси» бошланганини эълон қилиб, унинг ҳудудини, жумладан, пойтахт Степанакертни ўққа тута бошлаганидан кейин бошланган.

20 сентябрь куни томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Тоғли Қорабоғ ҳукумати Озарбайжоннинг талабларига рози бўлди: тан олинмаган республика армияси тарқатиб юборилади ва унинг ҳудудидан ҳарбий техника олиб чиқилади. Келишувга кўра, маҳаллий аҳолининг реинтеграцияси ва хавфсизлиги масалалари Озарбайжон вакиллари билан учрашувларда ҳал этилиши керак.

Тоғли Қорабоғдаги воқеалар фонида Арманистон пойтахтида Пашинян истеъфосини талаб қилиб оммавий норозилик намойишлари бошланди, ўнлаб одамлар ҳибсга олинди.