Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун билан 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли экани мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокини янада кенгайтиради. Шунингдек, ислоҳотларнинг ташаббускори сифатида инсонлар ўзларининг келажаги, орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун муҳим қарорлар қабул қилишда, жамиятдаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этишда тўғридан-тўғри иштирок этишлари учун шароит яратилади.

Қонун лойиҳасида парламент палаталари, қонун ижодкорлиги фаолиятини тартибга солувчи қонунларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришга қаратилган нормалар ўз аксини топган. Лойиҳа билан 13 та қонун, 1 та кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда.

Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
  • президентнинг тақдимига биноан бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
  • бош вазир, Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш ва бошқалар.

Фракция раҳбарларининг спикер ўринбосари лавозимини эгаллашга оид кафолатли ҳуқуқидан воз кечиш йўли билан спикер ўринбосарларининг сони 7 нафардан 2 нафарга қисқартирилмоқда.

Бунда:

  • Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда. Бундан мақсад, фракцияларнинг мустақиллигини янада ошириш ҳамда спикер ўринбосарларининг холислигини таъминлаш ҳисобланади;
  • Фракция раҳбари моддий, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра спикер ўринбосарига тенглаштирилади.

Парламент текширувини Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик миллий маърузани эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.