Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган ободонлаштириш ходимлари Чилонзор туманидаги кўп йиллик дарахтларни кесаётгани акс этган видео юзасидан вазиятга изоҳ берди.

Бошқарма хабарида айтилишича, аҳоли томонидан туманнинг «Лутфий» кўчасидаги қуриб қолган дарахтларни кесиш ва ўрнига бошқа ўсимликлар экиш бўйича мурожаатлар келиб тушган.

Тошкент Ботаника боғининг дарахтшунос мутахассислари ва давлат инспектори томонидан дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, белгиланган қонун ҳужжатлари асосида 29 туп қуриб қолган дарахтни кесиш учун рухсатнома расмийлаштирилган.

«Туман ободонлаштириш бўлими ходимлари юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида қуриб қолган дарахтларни кесган», — дейилади хабарда.

Экология вазирлиги «Газета.uz»га мазкур ҳудуддаги дарахтларга туман ободонлаштириш бўлими жавобгарлигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил баҳорида мазкур ҳудудда президент ташрифи арафасида 55 туп дарахтнинг тагига парваришлангандек кўриниши учун полиэтилен плёнка тўшалиб, керамзит сепилганди. Оқибатда 33 та дарахт таги қуриб қолган, айримлари поянинг пастки қисмида чириш белгилари кузатилган.

Шундан сўнг Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси агрономлари томонидан зарарланган дарахтларга суғориш ва даволаш ишлари олиб борилишини маълум қилган.