Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ сафари доирасида 19 сентябрь куни мазкур мамлакатдаги ўзбекистонликлар билан учрашганди. Тадбирда қатнашган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Қобилов ўзларининг Uzbekonomics муаллифлик подкасти махсус сонида президент билан бўлган учрашув ҳақида гапириб берди.

«Мен сизни кузатаман, ўқийман, кўрганимдан хурсандман», — деган давлат раҳбари Беҳзод Ҳошимов билан мулоқот бошида. Беҳзод Ҳошимов молия-иқтисодиётга доир мулоҳазаларини Telegram’даги каналида мунтазам ёзиб боради. Бундан ташқари, Youtube`даги «Ҳошимов иқтисодиёти» каналида соҳа экспертлари билан суҳбатлар эълон қилади.

Ҳошимов учрашувдаги нутқини Ўзбекистон 1991 йилда жон бошига ўртача 654 доллар даромадга эга бўлгани, ҳозир бу рақам 2200 доллар экани, ўтган 30 йиллик даврда бу кўрсаткични янада ошириш мумкин бўлгани ҳақидаги фикр билан бошлаган. Худди шу даврда сезиларли иқтисодий ўсишга эришган давлатлар, жумладан, Хитой, Вьетнам ва Польша тажрибаси ҳақида сўз борган.

Беҳзод Ҳошимов президент Шавкат Мирзиёев билан мулоқоти давомида Ўзбекистонда ислоҳ қилинаётган ва янада чуқурроқ ислоҳотлар қилиниши зарур бўлган соҳаларни санаб ўтган.

«Биринчи масала бу — ҳуқуқий муҳит, ўйин қоидалари, ҳамма учун адолатли ва шаффоф бўлган суд тизими. Бу Ўзбекистон иқтисодий ривожланиши учун энг муҳим нарса», — дейди у.

Иккинчи масала сифатида Ўзбекистон дунё бозорига кириши, дунёдаги ишлаб чиқариш занжирларининг бир қисми бўлиши учун эркин савдога эга бўлиши кераклиги кўрилган.

«Бу мамлакат Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши лозим, савдога бўлган бюрократик ва нобюрократик тўсиқлар олиниши керак, дегани. Эркин савдо Ўзбекистонда ресурслар тўғри тақсимланишига олиб келадиган мўъжизавий қурол экани ҳақида айтдим», — дейди иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» ўзининг Мифономика лойиҳасида ҳам Беҳзод Ҳошимов билан бу мавзуни батафсил муҳокама қилганди.

Учинчи масала капиталнинг мавжуд бўлиши ва эркин ҳаракатланиши ҳақида бўлган.

«Ўзбекистондаги корхоналар ўсиши қийин, чунки капитал қиммат ва уни олиш қийин. Буни таъминлаш учун, корхоналаримиз катта бўлиши ва кенгайиши учун, соддароқ тилда айтганда, пул олиб келишимиз керак. Бу ҳам ҳуқуқий муҳитга бориб тақалади ва бошқа омиллари ҳам бор», — дейди иқтисодчи.

Иқтисодчи тўртинчи масала сифатида инфратузилмани кўрсатган.

«Сув, электр, газ каби аҳолининг ҳаётини яхшиловчи, шу билан бирга, ишлаб чиқариш учун ниҳоятда керак бўлган инфратузилма барқарор бўлишини таъминлаш керак. Бунинг учун эса хусусийлаштириш жараёнлари керак, инвестиция керак. Инвестиция киритилгач, нархлар бозор орқали белгиланганидан кейин тежамкорлик ҳам бўлади, энергоресурслар ҳам тўғри тақсимланади», — дейди мутахассис.

Сўнгги — бешинчи масала илм-фанга давлат томонидан инвестиция киритилиши ҳақида эди. Бу масала бўйича фикр алмашиш чоғида президентнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда илм-фанга сарфланадиган маблағ миқдори ЯИМнинг 1 фоизидан камроқ эканини таъкидлаган — бошқа ривожланган мамлакатлар ёки қачондир ривожланиш босқичида бўлган мамлакатлар мазкур соҳага бундан кўпроқ маблағ сарфлаган.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

«Шу бешта пункт бўйича батафсил мулоқот бўлди. Президент уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида ўз фикрларини билдирди. Қайси пунктларда ривожланиш кўпроқ, қайсиларида камроқ эканини сўради. Шу ривожланиш йўлида мавжуд бўлган тўсиқлар ҳақида савол берди. Ўсиш суръатлари ҳақида ҳам мулоҳазалар бўлди. Жуда ҳам чуқур ва бафуржа фикр алмашдик. Президент ҳар бир мулоҳазани чуқур тушунаётгани, мулоқот илмий семинардек ўтгани менга оптимизм бағишлади», — дейди Беҳзод Ҳошимов.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев мулоқотини Ботир Қобилов билан давом эттирган.

«Ичингиздаги дардингизни айтинг. Биламан, сизлар хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам, ҳамма нарсани айтолмайсиз. Қоғозга ўраб айтасиз. Лекин очиқ гапиринглар», — деган президент.

Ботир Қобиловнинг таъкидлашича, президент бу орқали мулоқотдагиларга ижобий таъсир ўтказишни ва улар ўзини эркинроқ тутишини истаган.

Шавкат Мирзиёев бу гапларни учрашувдан кейин ҳам такрорлаган. «Биламан, аслида бундан ҳам кўпроқ гапларинг бор, лекин айтгинглар келмаяпти», — деган давлат раҳбари.

Ботир Қобилов президент билан мамлакатдан малакали кадрларнинг чиқиб кетиши (brain drain) ҳақида гаплашган.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

«Бунинг асоратларини кўпинча салбий баҳолашади. Яъни улар чиқиб кетгач, мамлакатда ҳеч ким қолмайди, кейин уни ким ривожлантиради, деган саволлар қўйилади. Мен бу нарса муаммо эмаслиги ҳақида гапирдим», — дейди Ботир Қобилов.

«Мен магистратура ва докторантурага ҳаракат қилаётган даврда тўсиқлар кўпроқ эди. Масалан, валюта курси икки хил эди, хорижий тўлов тизимлари ишламас ёки оддий тест марказлари йўқ эди. Шуларни эслаб, менга қийин бўлган, буларда имконият кўпроқ деб, ёнимизда ўтирган „Эл-юрт умиди“ жамғармаси стипендиатларини кўрсатдим», — дея қўшимча қилган Қобилов.

Унинг айтишича, чет элда ўзбекистонликлар сони кўпайиши Ўзбекистоннинг ўзига ҳам фойдали бўлади. «Тўппа-тўғри, 100 фоиз қўшиламан», — деган бу фикрга жавобан президент.

«Давлат раҳбари бу билан сизлар бу ерда туриб ҳам мамлакатга фойда келтиришларинг мумкин, балки Ўзбекистонда бўлганинглардан ҳам кўпроқ фойдангиз тегиши мумкин, демоқчи бўлди», — дея қўшимча қилди Беҳзод Ҳошимов.

Шунингдек, Ботир Қобилов ўзбеклар демократияга тайёр эмас, деган қараш юзасидан ҳам фикр билдирган.

«Бу — нотўғри нарса, чунки ўзбекистонликлар ҳам барча инсонлар каби фаровонлик, бахт, тинчлик, хавфсизлик, эркинлик ва ўз мулкларининг дахлсизлиги каби фундаментал нарсаларни хоҳлашади. Биз рағбатлар тизимини тўғри йўлга қўйиб олишимиз керак», — дейди у.

Президент, шунингдек, буғдойнинг бозор нархига ўтказилиши қандай ижобий натижаларга олиб келгани ва буни Жаҳон банки вакиллари ҳам қайд этиб ўтганини айтган.

«Президент жуда ҳам диққатли тингловчи экан. ЯИМ ҳақида гапираётганимда 5−6 дақиқа аввал айтган фикримни эслатиб, аниқлаштирди», — дейди Ботир Қобилов.

Президент матбуот хизматининг ушбу мулоқот ҳақида берган ахборотида Беҳзод Ҳошимов Шавкат Мирзиёевга телефонидан ниманидир кўрсатаётгани акс этган сурат ҳам бор эди. Иқтисодчи бу вазиятни изоҳлаб, президентга нимани кўрсатганини тушунтирди. Унинг гапларидан англашилишича, Беҳзод Ҳошимов президентга қизининг суратини кўрсатган.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

«Мен қизимга президентни уйимга меҳмон бўлиш учун чақираётганини айтдим. Қизим мен давлат раҳбари билан учрашгани кетаётганимдан хабардор эди», — деди Беҳзод Ҳошимов.

Шавкат Мирзиёев бунга жавобан «қизингизга мен унинг отаси билан фахрланишимни етказинг», деган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев суҳбат давомида иқтисодчилар Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон томонидан ёзилган Why nations fail китобининг ўзбекча таржимасини («Мамлакатлар таназзули сабаблари») ўқиганини таъкидлаган. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов китобнинг ўзбек тилидаги таржимасига муҳаррирлик қилган.

Бундан ташқари, президент Беҳзод Ҳошимовдан чет элдаги ўзбекистонлик мутахассислар Ўзбекистон ҳукумати амалга ошираётган ислоҳотлар юзасидан таклиф ва фикрларини билдириб борадиган платформа яратиш бўйича таклиф тайёрлашини сўраган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

«Менга бу бўйича вақт берилди. Шу вақт ичида ўз таклифимни ишлаб чиқиб, президентга хат билан чиқишим керак бўлади. Буни хурсанд бўлиб қабул қилдим», — дейди у.