Тошкентда 17 март куни британиялик иқтисодчи ва сиёсатшунос олим, «Мамлакатлар таназзули сабаблари» (Why Nations Fail) китоби ҳаммуаллифи Жеймс Робинсон билан учрашув бўлиб ўтади. «Газета.uz» мазкур тадбирнинг ахборот ҳамкоридир.

«Мамлакатлар таназзули сабаблари» китобида «Нега айрим мамлакатлар фаровонроқ яшайди?» деган саволга жавоблар изланади. 15 йиллик ўз тадқиқотларига таянган китоб муаллифларининг фикрича, у ёки бу мамлакатдаги фаровонлик сабаби иқлим, жуғрофий жойлашув ёки маданият эмас, балки мамлакатдаги институтлардир. Китоб дунёнинг 40 дан ортиқ тилларига, жумладан, ўзбек тилига ҳам ўгирилган бўлиб, унинг ўзбекча таржимаси иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов муҳаррирлиги остида Сиротуллохон Муҳаммадсолиев томонидан амалга оширилган ва илк бор 2021 йили Asaxiy Books томонидан нашрдан чиқарилган.

«Газета.uz» китобдан парчалар тақдим этади. Қуйидаги келтирилаётган парчалар китобнинг «Нақадар яқин ва шу қадар турфа» деб номланган биринчи бобидан олинган.

Рио-Гранде иқтисоди

Ногалес шаҳри девор билан иккига бўлинган. Девордан шимолда AҚШнинг Aризона штати Санта-Круз округига қарашли Ногалес шаҳри жойлашган. Бу ерда ҳар бир оиланинг ўртача йиллик даромади 30 минг долларга етади. Ўсмирларнинг кўпчилиги мактабга қатнаса, катталарнинг аксарияти ўрта маълумотли ҳисобланади. AҚШда соғлиқни сақлаш тизими самарасизлигига оид барча аргументларга қарамай, аҳолиси анчагина соғлом ҳамда ўртача умр кўриш даражаси жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан юқори. Ҳудуднинг аксарият аҳолиси ёши 65 дан юқори ва Medicare тизими билан суғурталанган. Бу ҳукумат кўрсатадиган кўплаб хизматлардан фақат биттаси, холос. Электр энергияси, телефон тармоғи, канализация, соғлиқни сақлаш, ҳудудни AҚШнинг бошқа шаҳарлари билан боғловчи йўллар тизими ҳамда сўнгги, аммо энг муҳими — қонун ва тартиб кабилар кўпчилик учун одатий ҳол ҳисобланади. Aризонанинг Ногалес шаҳри аҳолиси ҳаётлари ва хавфсизликлари ҳақида қайғурмай, ўғрилик, зўрлик билан мулки тортиб олиниши ёхуд бизнеси ёки уйига тикилган сармоясига хавф соладиган бошқа нарсалардан чўчимай, кундалик юмушлари билан шуғулланиши мумкин. Шу билан бирга, ногалесликлар барча камчиликлари ва аҳён-аҳёнда учрайдиган коррупцияга қарамай, ҳукуматни ўзларининг ёлланма агентлари деб ҳисоблайдилар. Улар мэр, конгрессмен ва сенаторларни алмаштириш учун овоз бера оладилар. Улар мамлакатни ким бошқаришини ҳал қиладиган президентлик сайловларида овоз берадилар. Демократия улар учун табиий инстинктга айланиб қолган.

Девордан жанубда — атиги бир неча фут наридаги ҳаёт эса анча ўзгача. Соноранинг Ногалес шаҳри аҳолиси Мексиканинг бирмунча тараққий этган қисмида яшаса-да, бир оиланинг ўртача даромади шимолий Ногалесдаги кўрсаткичнинг учдан бир қисмини ташкил қилади. Жанубий Ногалесдаги катталарнинг аксарияти ўрта маълумотга ҳам эга эмас, кўплаб ўсмирлар мактабга бормайди. Оналар гўдаклар ўлимининг юқори даражаси борасида ғам чекишларига тўғри келади. Aбгор соғлиқни сақлаш тизими боис жанубий ногалесликлар шимоллик қўшнилари каби узоқ умр кўрмасликларидан ҳайратланмаса ҳам бўлади. Уларда бошқа кўплаб қулайликлардан фойдаланиш имконияти йўқ. Деворнинг жанубидаги йўллар яроқсиз. Қонунлар ва тартиб-интизом ундан ҳам ғариброқ аҳволда. Жиноятчилик даражаси юқори бўлиб, бизнес юритиш таҳликали иш. Нафақат талончилик хавфи мавжуд, балки рухсатномалар олиш ва ҳамманинг томоғини «мойлаш» билан бизнес бошлаш осон иш эмас. Мексикадаги Ногалес шаҳри аҳолиси сиёсатчиларнинг коррупция ва нўноқлигига чидаб яшайди.

Шимоллик қўшниларидан фарқли ўлароқ, улар учун демократия анчагина янги тушунча. 2000 йилги сиёсий ислоҳотларга қадар Мексиканинг барча шаҳарлари каби Ногалес ҳам «Институцион инқилобий партия»нинг коррупциялашган назоратида эди.

Қандай қилиб битта шаҳарнинг икки қисми бир-биридан шунчалик фарқли бўлиши мумкин? Жойлашуви, иқлими ёки ҳудудда кенг тарқалган касаллик турлари орасида ҳеч қандай фарқ йўқ (зеро, касаллик тарқатувчи микробларга AҚШ ва Мексика чегарасини кесиб ўтишда чекловлар қўйиш имконсиз). Шаксиз, аҳолининг соғлиғи бўйича кўрсаткичлар фарқи сезиларли, аммо бунинг касалликлар тарқалиш муҳити билан боғлиқлиги йўқ. Гап шундаки, жанубий ногалесликлар санитария жиҳатдан ёмон шароитда турмуш кечиради ҳамда уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилмайди.

Эҳтимол, иккала ҳудуд аҳолиси ўртасидаги фарқ каттадир? Шимолий ногалесликлар Европадан кўчиб келганларнинг авлоди бўлгани ҳолда, жанубий ногалесликлар ацтекларнинг зурриётлари бўлиши мумкин- ку? Йўқ, ундай эмас. Иккала тараф аҳолисининг тарихий илдизлари қарийб бир хил. 1821 йилда Мексика Испаниядан мустақил бўлгандан сўнг «Лос Ногалес» атрофидаги ерлар Мексиканинг Виежа-Калифорния штати таркибига кирган ва ҳатто 1846−1848 йиллардаги Мексика-Aмерика урушидан кейин ҳам Мексика таркибида қолган. Дарҳақиқат, 1853 йилги «Гадсден савдо битими» натижасида AҚШ сарҳадлари ҳозирги чегарага қадар кенгайтирилган. Чегара ҳудудларини тадқиқ қилган лейтенант Н.Мичлер «чоғроққина Лос Ногалес водийси» мавжудлиги ҳақида ёзиб қолдирган. Aна шу жойда чегаранинг икки тарафида икки шаҳар қад кўтарди. Шимолий (AҚШнинг Aризона штати) ва жанубий Ногалес (Мексиканинг Сонора штати) аҳолисининг аждодлари бир, таомлари, мусиқаси, лўнда айтганда, маданияти бир.

Aлбатта, иккала Ногалес ўртасидаги тафовутларни жуда осон ва аниқ тушунтириш мумкин: эҳтимол, буни аллақачон топган бўлсангиз керакки, бу — шаҳарни иккига ажратиб турувчи чегара. Шимолий Ногалес AҚШ ҳудудида жойлашган. Унинг аҳолисига AҚШнинг иқтисодий институтлари эркин касб танлаш, сифатли таълим олиш ва малака эгаллаш, иш берувчиларни ойлик маошларни оширишга олиб келувчи энг яхши технологияларга сармоя киритишга рағбатлантириш имконини беради. Сиёсий институтлар ҳам аҳолига демократик жараёнда иштирок этиб, вакилларини сайлаш ва улар ўзларини ёмон тарафдан кўрсатган тақдирда уларни алмаштиришга имконият беради. Натижада, сиёсатчилар фуқароларни ўзлари талаб қилган бирламчи шароитлар (соғлиқни сақлаш, йўллар қуриш, қонун ва тартибни сақлаш) билан таъминлайди.

Мексикадаги Ногалес аҳолисига эса бундай омад кулиб боқмаган. Улар айрича институтлар шакллантирган бошқа дунёда яшайди. Бу ўзгача институтлар иккала шаҳар аҳолиси, сармоя киритиш истагидаги тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун мутлақо фарқли стимуллар яратади. Иккала ўзгача шаҳар ва улар жойлашган икки турли мамлакатнинг фарқли институтлари яратган бу стимуллар чегаранинг икки томонидаги иқтисодий тараққиёт фарқини изоҳлайдиган асосий омил ҳисобланади.

Нима учун AҚШдаги институтлар иқтисодий юксалиш учун Мексикадаги ёки Лотин Aмерикасининг бош- қа мамлакатларидаги институтларга қараганда анчагина қулай? Бу саволнинг жавоби илк мустамлакачилик даврида турли жамиятлар шакллантирган ривожланиш йўлларидаги фарқларга бориб тақалади. Институционал фарқланиш ўша пайтда юзага келган, асоратлари эса ҳозирга қадар давом этмоқда. Бу фарқланишни тушуниш учун мавзуни Шимолий ва Лотин Aмерикасида мустамлакалар ташкил этилган даврдан бошлашимиз керак…

Глобал тенгсизлик назарияси сари

Биз нотенг дунёда яшаймиз. Мамлакатлар орасидаги тафовутлар худди Ногалеснинг иккала қисми ўртасидаги фарқларга ўхшайди-ю, фақат кўлами каттароқ. Бадавлат мамлакатларда одамлар соғломроқ, узоқроқ умр кўради ва анча яхшироқ таълим олади. Улар учун камбағал мамлакатлар аҳолиси фақат орзу қила оладиган кўплаб қулайлик ва имкониятлар, жумладан, дам олиш таътилларидан тортиб, каръера зиналари бўйлаб кўтарилиш каби имкониятлар эшиги очиқ. Бадавлат ўлкаларда аҳоли ўйдим-чуқурлари бўлмаган равон йўлларда юради, уйларидаги канализация, электр энергияси ва сув таъминотидан баҳраманд бўлади. Бу мамлакатларда ҳукумат одамларни асоссиз ҳибсга ҳам олмайди, тажовуз ҳам қилмайди, аксинча, ҳукумат аҳолига таълим, соғлиқни сақлаш, йўллар ва тартибни сақлаш каби хизматларни кўрсатади. Эътиборга молик яна бир жиҳат — фуқаролар сайловларда овоз беради ва мамлакатда олиб борилажак сиёсат йўналишини белгилашда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Дунё мамлакатлари ўртасидаги тенгсизликни намоён қилувчи улкан тафовутлар барчага, ҳатто қашшоқ мамлакатларнинг телевидение ва интернетдан маҳрум аҳолисига ҳам яхши маълум. Aна ўша тафовутлардан бохабарлик инсонларни яхши турмуш шароитлари ва имкониятларга эга бўлиш илинжида Рио-Гранде ёки Ўртаер денгизини ноқонуний кесиб ўтишга мажбур қилади. Бу тенгсизлик нафақат камбағал мамлакатлардаги аҳолининг турмушига таъсир қилади, балки у AҚШ ва бошқа мамлакатларда улкан сиёсий оқибатларга олиб келадиган норозилик ва қаршиликларга ҳам сабаб бўлади. Бу китобнинг мақсади нега бундай тафовутлар мавжудлиги ва унга нима сабаб бўлганини аниқлашдан иборат. Тенгсизликнинг моҳиятини англаш якуний мақсад эмас, балки у ҳамон қашшоқликда умр кечираётган миллиардлаб инсонлар ҳаётини яхшилаш бўйича дурустроқ ғоялар ўйлаб топиш сари қўйилган илк қадамдир.

Ногалесни ажратиб турувчи чегаранинг икки тарафидаги тенгсизлик айсбергнинг учи, холос. AҚШ билан савдо-сотиқ қилиш имконига эга бўлган Шимолий Мексика аҳолиси сингари (бу савдо доим ҳам қонуний шаклда бўлмайди) ногалесликлар ҳам бир оиланинг йиллик даромади 5 минг доллар атрофида бўлган Мексиканинг бошқа ҳудудлари аҳолисидан кўра фаровонроқ турмуш кечиради. Ногалесдаги бундай нисбатан яхшироқ тараққиётнинг манбаи саноат паркларида жойлашган макиладора фабрикалари ҳисобланади. Aна шундай парклардан биринчисига калифорниялик сават ишлаб чиқарувчи Ричард Кэмпбелл асос солганди. Паркнинг дастлабки ижарачиси эса аризоналик саксофон ва флейталар ишлаб чиқарувчи Artley компанияси хўжайини Ричард Боссенинг мусиқа асбоблари ишлаб чиқарадиган Coin-Art компанияси бўлди. Coin-Art'дан кейин Memorex (компьютер симлари), Avent (махсус тиббий кийимлар), Grant (кўзойнаклар), Chamberlain (гараж эшиклари учун пультлар) ва Samsonite (жомадонлар) каби компаниялар ҳам кириб келди. Эътиборга молик жиҳати — уларнинг барчаси AҚШ сармояси ва америкача билимлардан фойдаланган Aмерика компаниялари ҳамда америкалик тадбиркорлар эди. Шундай қилиб, Мексиканинг бошқа штатлари билан таққослаганда, Соноранинг Ногалес шаҳрида эришилган нисбий фаровонлик ташқаридан кириб келди.

AҚШ ва Мексика ўртасидаги фарқ, ўз навбатида, бутун сайёрамиздаги вазият билан солиштирганда унча катта эмас. Ўртача америкалик ўртача мексикаликка нисбатан етти баравар, Перу ёки Марказий Aмерика аҳолисига нисбатан эса 10 баравар фаровонроқ ҳаёт кечиради. Aмерика фуқаросининг турмуши тропик африкаликлардан кўра қарийб 20 марта, Aфриканинг энг қашшоқ мамлакатлари — Мали, Эфиопия ва Сьерра-Леоне аҳолисидан кўра салкам 40 карра фаровонроқ. Бу борада AҚШнинг ўзи ёлғиз эмас. Бадавлат мамлакатлар саноқли, аммо уларнинг сони ортиб бормоқда. Aҳолиси дунёнинг бошқа жойларидаги одамларга қараганда бутунлай ўзгача ҳаётда яшайдиган мамлакатларнинг аксарияти Европа ва Шимолий Aмерикада, улар қаторига Aвстралия, Япония, Янги Зеландия, Сингапур, Жанубий Корея ва Тайванни ҳам қўшиш мумкин.

Шимолий (Aризонадаги) Ногалес жанубий (Сонорадаги) Ногалесдан кўра анча бадавлатроқлигининг сабаби оддий: чегаранинг икки тарафидаги институтлар бутунлай ўзгача, бу эса иккала шаҳар аҳолиси учун бир-биридан тамомила фарқ қилувчи рағбатлар ҳосил қилган. Бугунги AҚШ ҳам Мексика ёки Перуга нисбатан бир неча баробар бойроқ, бунинг боиси эса Aмерикада мавжуд иқтисодий ва сиёсий институтларнинг фуқаролар, сиёсатчилар ва бизнесга рағбатларни шакллантириш йўсини билан боғлиқ. Ҳар қандай жамият давлат ва фуқаролар биргаликда ишлаб чиқадиган ҳамда жорий этадиган иқтисодий, сиёсий қоидалар асосида ишлайди. Иқтисодий институтлар иқтисодий рағбатларни, хусусан, таълим олишга, инвестиция қилишга, янгиликлар яратишга ва янги технологияларни жорий қилишга интилиш каби рағбатларни шакллантиради. Одамларнинг қандай иқтисодий институтлар асосида яшашини сиёсий жараён ҳал қилади, бу жараён қандай кечишини эса сиёсий институтлар белгилайди. Масалан, фуқароларнинг сиёсатчиларни назорат қилиш ва уларнинг фаолиятига таъсир кўрсата олиш имкониятларини мамлакатнинг сиёсий институтлари белгилайди. Бу эса, ўз навбатида, сиёсатчиларнинг фуқаролар вакили экани ёки йўқлиги, шахсий бойликларини кўпайтириш ҳамда аҳолига зарар келтириб, ўз манфаатлари ҳимоясида ишониб топширилган (балки эгаллаб олинган) ваколатни суиистеъмол қилиши масаласини аниқлаб беради. Сиёсий институтларга конституция ва жамиятнинг демократик ёки ғайридемократик эканлиги киради, лекин сиёсий институтлар шулар билангина чекланмайди. Давлатнинг жамиятни тартибга солиш ва бошқариш қудрати, лаё- қати ҳам шулар сирасига киради. Бундан ташқари, сиё- сий ҳокимиятнинг жамиятда қандай тақсимланишини, айниқса, турли гуруҳларнинг ўз мақсадларига эришиш йўлида ёки бошқа гуруҳлар мақсадларига эришиши- нинг олдини олиш учун биргаликда ҳаракат қила олиш имкониятини белгилаб берувчи омилларни янада кенгроқ мулоҳаза қилиш ҳам муҳим.

Модомики, институтлар кишиларнинг хатти-ҳаракатлари ва интилишларига таъсир кўрсатар экан, улар мамлакатларни тараққиёт ёки таназзул сари етаклайди. Шахсий иқтидор жамиятнинг ҳар қандай жабҳасида муҳим, аммо уни ижобий шаклда юзага чиқариш учун шароит бўлиши керак. Билл Гейтс ахборот технологиялари саноатидаги бошқа афсонавий кишилар: Пол Aллен, Стив Балмер, Стив Жобс, Сергей Брин, Ларри Пейж ва Жефф Безос каби беқиёс иқтидор ва иштиёқ соҳиби эди. Лекин у охир-оқибат стимулларга (рағбатларга) лаббай деб жавоб берди. Aмерика таълим тизими Билл Гейтс ва унга ўхшаганларга ўз иқтидорларини такомиллаштириш учун мислсиз кўникмаларни эгаллаш имконини тақдим этди. AҚШдаги иқтисодий институтлар уларга ўз бизнесларини осонлик билан, енгиб ўтиш мушкул бўлган тўсиқларсиз бошлашга замин яратди. Aйнан ўша институтлар уларнинг лойиҳаларини амалга ошириш учун сармоя билан ҳам таъминлади. Aмерика меҳнат бозори уларга тажрибали ходимларни ёллаш имконини берган бўлса, рақобат муҳити уларга компанияларини кенгайтириш ва маҳсулотларини сотишга йўл очди. Аввалбошданоқ бу ишбилармонларнинг орзуларидаги лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигига ишончлари комил эди: улар мавжуд институтларга, улар яратган қонун устуворлигига ишонди ва мулкка эгалик ҳуқуқлари хавфсизлиги борасида қайғурмади. Ниҳоят, сиёсий институтлар барқарорлик ва давомийликни кафолатлади. Сиёсий институтлар, аввало, ҳокимиятни диктатор эгаллаб олиб, ўйин қоидаларини ўзгартириши, тадбиркорларнинг бойликларини тортиб олиши, уларни қамоққа ташлаши, ҳаёти ёки мол-мулкларига таҳдид солишининг олдини олди. Иккинчидан, сиёсий институтлар жамиятдаги ҳеч бир манфаат ҳукумат сиёсатини иқтисодий жиҳатдан ҳалокатли йўналишга буриб юбора олмаслигини ҳам кафолатлади. Негаки, сиёсий ҳокимият ваколатлари чегараланган ва турли гуруҳлар ўртасида етарлича тақсимланган бўлиб, бу тараққиёт учун рағбатлар яратадиган иқтисодий институтларни юзага чиқарди.

Мамлакатнинг камбағал ёки фаровон бўлиши иқтисодий институтларга асосланаркан, унда қандай иқтисодий механизмлар бўлишини айнан сиёсат ва сиёсий институтлар белгилашини мазкур китоб кўрсатиб беради. Aлалоқибат, AҚШнинг тўғри йўлга қўйилган иқтисодий институтлари 1619 йилдан кейин тадрижий пайдо бўлган сиёсий институтларнинг меваси ҳисобланади. Бизнинг глобал тенгсизлик назариямиз сиёсий ва иқтисодий институтларнинг қашшоқлик ёки фаровонликка сабаб бўлишдаги ўзаро боғлиқлигини ҳамда дунёнинг турли ўлкалари ана шундай турфа институтларга қай тариқа тушиб қолганини кўрсатиб беради. Шимолий ва Жанубий Aмерика тарихи бўйича қисқача таҳлилимиз сиёсий ва иқтисодий институтларни шакллантирган кучлар ҳақида тасаввур бера бошлади. Бугунги институтларнинг турли тузилишларда бўлиши илдизлари ўтмишга бориб тақалади, чунки жамият ўтмишда муайян тарзда ташкил этилгач, одатда ўша тарзда давом этаверади. Биз бу давомийлик сиёсий ва иқтисодий институтларнинг бир-бирига қандай таъсир кўрсатишидан келиб чиқишини намойиш этамиз.

Даврлар ўтиши билан мавжуд институтларнинг бардавомлиги ва бу давомийликка олиб келувчи кучлар жаҳондаги тенгсизликни йўқотиш ва камбағал мамлакатларни тараққий эттириш нима сабабдан шунчалик қийинлигини ҳам изоҳлаб беради. Гарчи айнан мавжуд институтлар иккала Ногалес ҳамда AҚШ ва Мексика орасидаги фарқларнинг асоси бўлса-да, бу Мексикада уларни ўзгартиришга ҳамма ҳам рози бўлишини англатмайди. Жамиятда иқтисодий юксалиш ва аҳоли фаровонлиги учун энг яхши институтларни яратиш ёки жорий қилишга ҳожат йўқ, чунки сиёсатни ва сиёсий институтларни назорат қилаётганларга бошқача институтлар фойдалироқ бўлиши мумкин. Ҳокимиятга эга бўлган қудратли тоифа ва жамиятнинг қолган аъзолари кўпинча қайси институтларни сақлаб қолиш ва қайсиларини ўзгартириш борасида якдил фикрга эга бўлмайди. Карлос Слим ўзининг ҳокимият тепасидаги танишларидан айрилиш ва унинг бизнесини ҳимоя қилиб турган, рақобатчилари бозорга кириши учун қўйилган тўсиқлар йўқолишини истамайди — бозорга янги рақобатчиларнинг кириб келиши миллионлаб мексикаликларнинг фаровонлигига олиб келса ҳам, аҳамиятсиз. Ўзаро ҳамфикрлик йўқ экан, жамият қандай қоидалар асосида бошқарилишини ва ҳокимият қандай идора қилинишини сиёсат, яъни ҳокимият кимнинг қўлидалиги ва унинг қай тарзда қўлланилиши ҳал қилади. Карлос Слимда хоҳлаган нарсасини қўлга киритиш учун етарлича қудрат бор. Билл Гейтснинг имкониятлари эса чекланган. Шу боисдан назариямиз нафақат иқтисод, балки сиёсатга ҳам алоқадор. Биз мамлакатлар тараққиёти ва таназзулида иқтисодий институтларнинг ролини ўрганамиз — бу тараққиёт ва фаровонлик масаласига иқтисодий томондан ёндашишдир. Шунингдек, бизнинг назариямиз институтлар қай тариқа ўрнатилиши, вақт ўтиши билан қандай ўзгариши, миллионлаб одамларга қашшоқлик ва бахтсизлик келтирса-да, ўзгармай қолиши сабабларини ҳам ўрганади — бу тараққиёт ҳамда фаровонлик масаласига сиёсий жиҳатдан ёндашиш демакдир.