Қозоғистон Бош прокуратураси Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абишга нисбатан жиноий иш қўзғатди. У 2022 йил январида оммавий норозилик намойишлари чоғида ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда МХҚ матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура хабарида айтилишича, терговга қадар тергов жараёнининг бориши ошкор этилмайди, чунки «тергов катта миқдордаги махфий ҳужжатларни ўрганишни назарда тутади».

Қўмита, шунингдек, «Конституция нормаларига мувофиқ, қонун ва суд олдида ҳамма тенг»лиги, тергов натижаларига кўра «қонуний процессуал қарор» қабул қилинишини таъкидлади.

Собиқ хавфсизлик ходими айни дамда Қозоғистондан чиқиб кетмаслик тўғрисидаги тилхат билан мамлакатда бўлиб турибди, дея аниқлик киритди Tengrinews.

Бош прокуратура хабари январь воқеалари бўйича айбланувчи сифатида кўрилаётган КХҚнинг собиқ ходими Руслан Искаков бир кун аввал Олмаотадаги судда намойишлар чоғида Самат Абишнинг буйруғини бажарганини айтгани ортидан чиқди.

Самат Абиш Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни. У 2015 йилдан буён МХҚ раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган, аммо намойишлар ортидан кўп ўтмай ўз лавозимини тарк этган. КазТАГнинг қайд этишича, январь воқеаларидан олдин Абиш норасмий равишда Қозоғистон раҳбари лавозимига асосий даъвогарлар қаторига киритилган эди.

Ўшанда январь ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев МХҚ раҳбари Карим Масимовни ишдан бўшатган эди. Кейинроқ у давлатга хиёнат қилишда гумонланиб ҳибсга олинган. Апрель ойида суд Масимовни 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

2 январь куни Қозоғистон ғарбида газ нархи ошишига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди, кейинчалик бу норозилик бошқа шаҳарларга, жумладан, Олмаота ва Остонага ҳам тарқалди. Намойишчиларнинг талаблари ижтимоий-иқтисодий талаблардан сиёсийга ўзгарди. Жумладан, улар Назарбаевнинг Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимидан кетишини талаб қилишди. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Кейинчалик бу воқеалар қозоқчада «Qandy Qantar» деган маънони англатувчи «Қандй Қантар» номи билан машҳур бўлди.