Индонезиянинг янги пойтахти Нусантара деб номланди

Индонезия президенти Жоко Видодо мамлакатнинг янги пойтахтига Нусантара номини танлади. Бу ҳақда 17 январь куни Коммерсантъ нашри хабар берди.

Моноарфанинг сўзларига кўра, Индонезия президенти 14 январь, жума куни шундай қарор қабул қилган. Нусантара қадимги ява тилида «орол» ёки «архипелаг» деган маънони англатади ва Индонезиянинг шеърий номидир. Моноарфанинг айтишича, бундай ном бутун дунёда машҳур бўлгани ва мамлакат ичида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмаслиги сабабли танланган.


Швецияда омикрон штаммининг янги мутацияси аниқланди

Швециянинг Уппсала шаҳридаги академик лабораторияда омикрон-коронавирус штаммининг мутацияси аниқланди, деб хабар берди РИА Новости.

«Унинг олдинги версия (коронавирус) билан рақобатлаша олишини билиш учун бизда кўпроқ материаллар бўлиши керак», — деди муассаса ходими Матс Мартинелл.

Мутация жума куни ҳужжатлаштирилган ва у уч кишида топилган. Омикроннинг янги субвариантига BA.2 деб ном берилди.


Абу-Дабида дрон ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Бирлашган Араб Амирликларида номаълум шахслар, эҳтимол, дронлар ёрдамида ҳужум уюштирди, натижада уч киши ҳалок бўлди, яна олти киши жароҳатланди. Бу ҳақда Интерфакс хабар берди.

БАА полициясига кўра, ҳужум Абу-Дабидаги учта нефть танкерига зарар етказган. Бундан ташқари, ҳужум туфайли Абу-Дабидаги халқаро аэропорт ҳудудидаги хонада ёнғин бошланган. Полиция ҳужумни тергов қилмоқда ва ҳозирча у ҳужум ортида ким тургани ҳақидаги версияларни илгари сурмаган. Ҳужум оқибатида икки Ҳиндистон фуқароси ва бир Покистон фуқароси ҳалок бўлган. Ўз навбатида, яманлик ҳутий исёнчилар БААга қарши ҳужум уюштирганликларини айтишди, бироқ тафсилотларни маълум қилишмади.


Нурсултон Назарбоевнинг жияни ва куёвлари ўз лавозимларини тарк этишди

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг яқинлари сиёсат ва иқтисоддаги ўз лавозимларини тарк этмоқда. Душанба куни унинг жияни Самат Абиш Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Биринчи президентнинг уч куёви ҳам раҳбарлик лавозимларини тарк этди.

Бундан ташқари, 17 январь куни биринчи президентнинг қизи Динара Кулибаеванинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимидан истеъфога чиқишини маълум қилди.

15 январь куни «Самрук-Казина» жамоат фонди пресс-релизда айтилишича, тақдим этилган аризаларга кўра, «КазТрансГаз» миллий компанияси бошқаруви раиси Қайрат Шарипбаев ва «KazTransOil» бош директори Димаш Дўсановнинг ваколатлари тугатилди.