18 сентябрь куни Тошкентга Туркияда февраль ойида рўй берган зилзила оқибатида жабр кўрган бир гуруҳ нуронийлар келди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Февраль ойида эпицентри Қаҳрамонмараш бўлган зилзилалардан сўнг Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон Ҳатай вилоятининг Овакент туманини қайта тиклашга ёрдамлашиши, уй-жойлар, замонавий мактаб ва инфратузилма объектларини қуришда иштирок этишини билдирганди.

Ўшанда талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг Ўзбекистонда соғлиғини тиклаши ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби аждодлар қадамжоларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратиб берилиши таъкидланган.

Ўзбекистонга ташриф

30 нафар нуронийдан иборат гуруҳни «Тошкент» халқаро аэропортида «Нуроний» жамғармаси ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги вакиллари кутиб олди. Улар Ўзбекистонга саёҳат давомида Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Урганч каби шаҳарларга ташриф буюради.

Хусусан, уларнинг

  • Тошкентдаги «Ҳазрати Имом», «Сузук-ота» мажмуалари ва «Чорсу» бозорига;
  • Тошкент вилоятининг Зангиота ва Бўстонлиқ туманларига;
  • Жиззах вилоятидаги масжид ва Зомин миллий табиат боғига;
  • Самарқанд шаҳрига (вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашув ҳам режа қилинган) бориши;
  • Имом ал-Бухорий мажмуаси, «Конигил» туризм қишлоғи, Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиши, Амир Темур мақбарасига бориши;
  • Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи, Сомонийлар мақбараси, Арк қалъасига бориши;
  • Хоразм вилоятидаги Улли ҳовли мажмуаси, Ичан қалъа давлат музей қўриқхонаси, «Карвонсарой» ва «Нуруллабой» мажмуаларига саёҳат қилиши режалаштирилган.

Улар 25 сентябрь куни Урганч халқаро аэропортидан Туркияга учиб кетади.

Тадбирларни ўтказиш билан боғлик харажатлар бюджетдан ташқари Туризмни кўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Тошкент шаҳри, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг маҳаллий бюджети ҳисобидан қопланади.

Туркияда 6 февраль куни қарийб 100 йил ичидаги энг кучли зилзилалардан бири содир бўлган. Ҳодиса оқибатида, очиқ маълумотларга кўра, 50 783 киши ҳалок бўлган, 297 киши бедарак йўқолган ва 107 204 киши жароҳатланган. Зилзила камида 15,73 миллион одам ва 4 миллион бинога таъсир кўрсатган. 345 мингга яқин хонадон вайрон бўлган.