Душанба куни тонгда Туркия жанубида содир бўлган бир қатор зилзилаларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ва юзлаб одамлар жароҳат олди.

Anadolu агентлигининг Twitter`да мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб хабар беришича, соат 04:17 да Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик туманида 7,4 магнитудали, 04:27 да Газиантеп вилоятидаги Нурдаги туманида 6,6 магнитудали ва 04:36 да шу вилоятнинг Ислаҳие вилоятида 6,5 магнитудали зилзила қайд этилган.

зилзила, туркия
Манба: twitter.com/anadoluagency.

Ҳодиса оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда, бироқ қидирув-қутқарув ишлари давом этар экан, бу рақам ортиши мумкинлиги қайд этилган.

The Guardian маҳаллий ҳокимиятларнинг дастлабки маълумотларига таяниб, Малатя вилоятида камида 23 киши (420 киши жароҳатланган), Шанлиурфада 17 (30), Диярбакирда 6 (79) ва Усмонийда 5 киши ҳалок бўлганини ёзмоқда. Шунингдек, Малатяда 140 та уй вайрон бўлган.

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу мамлакатда энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинганини маълум қилди. Президент Режеп Таййип Эрдоған ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларга соғайиб кетишларини тилади. «Биз буни имкон қадар тезроқ ва минимал йўқотишлар билан бирга енгиб ўтишга умид қиламиз», — деди у.

Ерости силкинишлари Мисрдан Грузиягача бўлган қатор бошқа мамлакатларда ҳам сезилди, деб ёзади Anadolu. Sana агентлиги келтирган расмий маълумотларга кўра, Сурия шимолида ҳам камида 42 киши ҳалок бўлган ва 200 киши яраланган.