Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этди. Давлат раҳбари нутқини унинг матбуот хизмати эълон қилди.

Президент сўз аввалида зилзила талафотлари юзасидан турк халқига ва Режеп Таййип Эрдоған барча ҳамкасблари номидан чуқур ҳамдардлик билдирди.

Шу билан бирга, ҳаётдан бевақт кўз юмган барча инсонлар хотирасига алоҳида ҳурмат бажо келтириш мақсадида ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этди.

Бундан ташқари, президент Туркияда олиб борилаётган тезкор чора-тадбирларни, жумладан, аҳоли учун юз минглаб янги уй-жойлар қуриш ва инфратузилмани тиклаш бўйича режа ва дастурларни алоҳида эътироф этди.

«Барчамиз сизларга мададкор бўлиб, зилзила оқибатида вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ижтимоий ва саноат объектларини тиклаш ва янгиларини барпо этиш ишларига бор кучимизни йўналтиришга тайёрмиз. Жумладан, биз зилзила марказларидан бири бўлган ва қутқарувчиларимиз иш олиб борган Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз. Биз барпо этмоқчи бўлган кўркам уй-жойлар, замонавий мактаб ва инфратузилма объектлари келгусида том маънода яқин дўстлик ва бирдамлигимизнинг ёрқин тимсолига айланишига аминман», — деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг Ўзбекистонда соғлиғини тиклаши ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби аждодлар қадамжоларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратиб берилиши таъкидланди. Бу гуруҳларга ташкилотнинг Оқсоқоллар кенгаши бошчилик қилиши таклиф этилди.

«Шу билан бирга, биз бу йил ёз мавсумида Ҳатай ёшларини ҳам Ўзбекистонга таклиф этмоқчимиз. Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сафарларини, юртимиздаги ўз тенгдошлари билан қўшма тадбирларни ўтказиш ниятидамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент томонидан фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида ташкилотнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Бу платформа доирасида аниқ механизмларни жорий этиш ва муҳим чоралар кўришни кечиктириб бўлмайдиган вазифа, деб атади.

«Бундай кутилмаган ва оғир синовли пайтларда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этишда яқиндан кўмак кўрсатиш механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир», — дея қўшимча қилди президент.

Сўз озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш молларини тўсиқсиз етказиб бериш, саноатни тиклашга қаратилган кооперация лойиҳаларини ишга тушириш ҳақида бормоқда.

Шавкат Мирзиёев илмий ва технологик соҳаларда эришилган ютуқларга қарамасдан, зилзилалар, сел ва сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, бўронларни олдиндан аниқлаш ва эрта огоҳлантириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолаётганига эътибор қаратди.

«Бу жараёнларни чуқур ўрганиш, соҳага илмий ва технологик янгиликларни кенг жорий этиш катта ижобий самара бериши аниқ. Шулардан келиб чиқиб, ташкилотимиз доирасида Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини тузиш ҳамда уни Тошкентда жойлаштириш бўйича ташаббусимизни маъқуллайсиз, деб ишонаман», — деди у.

Шунингдек, президент барча қардош халқлар номидан турк элига мурожаат этиб, сайловларда Режеп Таййип Эрдоған номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Бизнинг ана шу умумий истагимиз бугун қабул қилинаётган Анқара декларациясида ўзининг ифодасини топиши айни муддаодир, — деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари сўзининг якунида иштирокчиларни кириб келаётган Наврўз байрами ҳамда Рамазон ойи билан табриклади.

зилзила, туркий давлатлар ташкилоти, туркия, ҳатай

зилзила, туркий давлатлар ташкилоти, туркия, ҳатай