Бухоро вилоятида «Ҳудудгазтаъминот»га тегишли газ қувурига уланиб олиб, 26,1 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланганларга суд ҳукми ўқилди, дея хабар қилмоқда вилоят прокуратураси.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди томонидан судланувчилар А.Ж., Ж.С., М.Ҳ. ва А.А.га оид жиноят иши кўрилган. Судланувчилар М.Ҳ. ва А.А. «Дилдора» МЧЖ раҳбари А.Ж. ҳамда «Осиё Бухоро газ» МЧЖ раҳбари Ж.С. билан тил бириктириб энергоресурсларини ўғирлаш жиноятларини содир этишган.

Хусусан, М.Ҳ. 2022 йил 15 августдан йилдан «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминот филиали метрология хизмати бошлиғи вазифасида, А.А. метрология хизмати етакчи муҳандиси вазифасида ишлаб келиб, мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, жамият раҳбарлари А.Ж. ва Ж.С. билан олдиндан жиноий тил бириктирган.

Улар жамиятга қарашли газ қуйиш шохобчаларга келган алоҳида табиий газ қувурининг уланиш нуқтасига ўрнатилган «Автопилот-ПРО» русумли газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган хонанинг эшигини тамғаланишини таъминламасдан, газ ҳисоблагич ускунасидаги мавжуд имплюс трубкаси тамғасини газ маҳсулотлари қувурларида ўғирлик қилиш мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз алмаштирилгани оқибатида, «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятининг жами 26,1 млрд сўмлик жуда кўп миқдордаги табиий газни ўғирлаб яширин равишда талон-торож қилган.

Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодекси 169-моддаси 4 -қисмининг «а» банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик), 209-моддаси 2-қисмининг «а» банди (такроран содир этилган мансаб сохтакорлиги), 228-моддаси 2-қисмининг «а, б» бандлари (такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбли деб топилган А.Ж., Ж.С. 11 йил, А.А. ва М.Ҳ. 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, айбланувчилар томонидан 6 млрд сўм зарар қоплангани сабабли, қолган 20,1 млрд сўм зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.