Ўзбекистондаги тижорат банклари сайтларида Марказий банкнинг 5 сентябрдан бошлаб тўлов ташкилотларига трансчегаравий халқаро транзит операцияларини амалга оширишни тақиқлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлаш бўйича бир хил мазмундаги хабарлар пайдо бўлди.

«Ушбу қарор Ўзбекистон молия тизими ва, хусусан, финтех бозорини халқаро савдо ва молия тизимидаги хатарлардан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, бир қатор асосларга эга», — дейилади банк хабарида.

Биринчидан, Ўзбекистон тўлов ташкилотлари халқаро финтех бозорларида (Россия, Қозоғистон, бошқа МДҲ давлатлари, Европа ва ҳоказо) молиявий хизматларни кўрсатиш учун ўша давлат ёки иқтисодий ҳудуднинг молиявий регулятори томонидан берилган лицензияга эга бўлишлари керак. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг «Тўловлар ва тўлов тизимлари» тўғрисидаги қонунида ҳам эътиборга олинган бўлиб, ушбу қонунга асосан тўлов ташкилотлари тўлов хизматларини Ўзбекистон ҳудудида Марказий банкнинг тегишли лицензиясига асосан етказиб беради, дейилади хабарда.

Иккинчидан, Ўзбекистон банклари ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олишда Марказий банк томонидан қўйилган талабларни бажаришлари шарт бўлиб, булар асосан кадрлар, инфраструктура, ички меъёрий ҳужжатлар, капитал етарлилигига оид талаблардан иборат ва тўлов ташкилотларида одатда бу каби талабларни бажариш имконияти мавжуд эмас, дея таъкидланади банклар хабарида.

«Хусусан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бўйича чет давлат бенефициарларини тўлиқ идентификациядан ўтказа олмаслик тўлов ташкилотлари ва умуман банк-молия тизими учун хатарларни келтириб чиқаради», — дея таъкидланган хабарда.

Учинчидан, халқаро миқёсдаги йирик молиявий ташкилотлар томонидан шакллантирилган санкциявий рўйхатлар ва улардаги ўзгаришларни доимий мониторинг қилиб бориш, санкция қўлланган юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий операцияларини чеклашга оид талабларни бажариш кенг миқёсдаги молиявий, технологик ва кадрлар билан боғлиқ ресурсларни талаб қилади ва тўлов ташкилотлари томонидан ушбу талабларни бажара олмаслик умумий Ўзбекистон банк-молия тизимига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради, дейилади хабарда.

«Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, тижорат банклари Ўзбекистон банк-молия тизимини, унинг иштирокчиларини ва аҳолини ҳуқуқий асосга эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарлардан ҳимоялаш юзасидан Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди», — дея қайд этган банклар.

«Ўзбекистон ҳудудидаги нақдсиз ҳисоб-китоб тизимлари ва уларнинг иштирокчиларини, республика аҳолиси ва банк-молия тизимини молиявий хатарлардан ҳимоялаш мақсадида тижорат банклари томонидан мавжуд қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий талабларига қатъий риоя қилиниши, трансчегаравий операцияларни амага оширишда хорижий ҳамкор банклар билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши чора-тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириб боришлари талаб этилади», — дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 5 сентябрдан бошлаб Марказий банкнинг трансчегаравий операцияларни чеклаш тўғрисидаги қарорини биринчи бўлиб эълон қилган Oson хизмати «тартибга солувчи органнинг қарори транзакциялар хавфсизлигини таъминлаши»ни маълум қилганди. Oson халқаро пул ўтказмалари бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Унинг мобил иловасидан Ўзбекистонга пул ўтказмалари учун Россиядаги кўплаб меҳнат мигрантлари фойдаланади.