2023 йилнинг етти ойи якунларига кўра, Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги мақомини йўқота бошлади. Бу президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.uz» томонидан ўрганиб чиқилган маълумотларида акс этган.

россия, савдо, ташқи савдо айланмаси, хитой

Январь-июль ойларида Россия билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,4 фоизга ўсди — 4,86 млрд доллардан 5,27 млрд долларгача (аммо ўтган йилнинг шу даврида 30,9 фоизлик ўсиш кузатилганди). Россияга экспорт ҳажми 5,3 фоизга — 1,64 млрд долларгача ўсди (2022 йилнинг шу даврида ўсиш 51,3 фоизни ташкил этганди), импорт эса 9,8 фоизга (22,5 фоиз) — 3,6 млрд долларгача ўсди.

Йил давомида Россиянинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 17,1 фоиздан 15,1 фоизгача камайди. 2022 йил якунига кўра бу улуш 18,6 фоизни ташкил этганди (1-ўрин). Шунга қарамай, Россия бозори Ўзбекистон учун асосий экспорт йўналиши бўлиб қолмоқда.

Хитой савдо айланмасини 30,5 фоизга кескин ошириб, биринчи ўринда қолди. Ўзбекистоннинг бу мамлакат билан товар айланмаси 6,9 млрд долларга етди. Шу билан бирга, Хитойга экспорт 1,6 фоизга қисқариб, 1,53 млрд долларни ташкил этди (2022 йилнинг бу даврида ўсиш 19,1 фоизни ташкил этганди ва бу асосан газ экспорти ҳисобига кузатилган), импорт бирданига 43,9 фоизга ўсган.

Хитойнинг савдодаги улуши 18,6 фоиздан 19,7 фоизгача ошди. Ўтган йил охирида бу кўрсаткич 17,8 фоизни ташкил этганди.

Қозоғистон билан савдо секинлашишда давом этмоқда ва январь-июль ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,5 фоизга камайиб, 2,49 млрд долларни ташкил қилди. Экспорт 807,7 млн долларга (+7 фоиз) ошди, импорт 1,68 млрд долларга (-3,7 фоиз) камайди.

Туркия билан савдо айланмаси ҳам 9,4 фоизга камайди ва 1,86 млрд долларни ташкил этди. Ўзбекистон товарлари ва хизматларини етказиб бериш дарҳол 23,2 фоизга қисқарди, бу лиранинг қадрсизланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айни вақтда Туркия экспорти 1,02 млрд долларга (+6,1 фоиз) ошган.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги товар айланмаси Ўзбекистон бозорига Корея экспортининг қисқариши туфайли 11,9 фоизга — 1,27 млрд долларгача камайди.

Қирғизистон билан савдо айланмаси ҳам 5,6 фоизга қисқариб, 623,2 млн долларни ташкил қилди. Ўзбекистондан экспорт 463,7 млн долларга (-12,4 фоиз) қисқарди, Қирғизистон товарлари ва хизматлари етказиб бериш эса 159,5 млн долларга (+21,5 фоиз) ошди.

Биринчи яримйиллик якунларига кўра, Германия билан товар айирбошлаш ҳажми 928,8 млн долларни ташкил этганди, лекин Статистика агентлиги июль ойида импорт қилинган самолётлар бўйича 274,2 миллион долларлик тузатиш киритиш ҳисобига бу кўрсаткични 608,9 млн долларгача (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан -5 фоиз) камайтирди. Яъни бир нечта самолёт бошқа давлатларга транзит қилиш учун сотиб олинган. Айнан қайси давлатга экани ҳақида маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Ўзбекистон Германиядан 421,7 миллион долларга олтита самолёт сотиб олганди (бир самолёт нархи ўртача 70,3 млн долларни ташкил этганди). Бундан келиб чиқилса, Ўзбекистон 3−4 та самолётни бошқа давлатга жўнатган бўлиши мумкин.

Франция билан савдо айланмаси қарийб уч бараварга ошиб, 183,4 млн доллардан 517,6 млн долларга етди. «Газета.uz»даги маълумотларга кўра, бу уран етказиб беришнинг кўпайиши туфайли содир бўлган. Ўзбекистон экспортни 239,5 млн долларга (3,5 баравар), импортни эса 278,1 млн долларга (2,4 баравар) оширди. Ўзбекистон Франциядан жами 815,3 млн еврога 17 та самолёт ва 2 та вертолёт сотиб олишни режалаштираётганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.

Афғонистон (+11,4 фоиз), Бразилия (+47,9 фоиз), Тожикистон (+20,8 фоиз), Литва (+41 фоиз), БАА (+52,8 фоиз), Беларусь (+37,3 фоиз), АҚШ (+19,5 фоиз), Эрон (+6,6 фоиз), Италия (+17 фоиз) ва Латвия (+66,4 фоиз) билан ҳам товар айланмаси ошди. Украина Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорлари 20 лигидан тушиб қолди ва унинг ўрнини Латвия эгаллади.

МДҲ давлатлари билан савдо алоқалари заифлаша бошлади. Ҳамдўстлик давлатларининг товар айирбошлашдаги улуши 32,2 фоизга (37 фоиздан) камайди, бошқа давлатларнинг улуши 67,8 фоизгача ошди. МДҲ мамлакатларидаги экспорт бозорларига боғлиқлик 35,4 фоиздан 30,3 фоизгача, таъминотга боғлиқлик эса 38,1 фоиздан 33,5 фоизгача камайди. ЕОИИ давлатларининг савдодаги улуши 29,2 фоиздан 25 фоизгача, экспортда 25,6 фоиздан 20,1 фоизгача, импортда 31,7 фоиздан 28,7 фоизгача камайди.

Россия Ўзбекистон учун мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозори бўлиб қолмоқда — 281,5 млн доллар (41,8 фоиз улуш). Покистон 98,4 млн доллар (14,6 фоиз) билан иккинчи ўринга кўтарилди. Қозоғистонга ўзбек сабзавот ва меваларини етказиб бериш ҳажми 124,5 млн доллардан 80,7 млн долларгача тушиб кетди, бунинг ортидан мамлакат 12 фоизлик улуш билан учинчи ўринга тушиб кетди.

Йил бошидан буён Ўзбекистонга саноат товарлари импорти 6,2 фоизга ўсиб, 3,39 млрд долларни ташкил этди. Етказиб беришнинг асосий қисми Россия (шунга қарамай унинг улуши 42,3 фоиздан 35,6 фоизгача камайди), Хитой (улуши 22,2 фоиздан 28 фоизгача кўпайди) ва Қозоғистон (11,2 фоиз) ҳиссасига тўғри келади.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон 2023 йилнинг январь-июль ойларида нималар билан савдо қилгани ҳақида маълумот берганди.