2023 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,6 млрд долларга ёки 23,3 фоизга ўсиб, 34,97 млрд долларни ташкил этди. Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.

Экспорт

Экспорт 31 фоизга ўсиб, 14,95 млрд долларни, импорт эса 20,02 млрд долларни (+18,1 фоиз) ташкил этди. Ташқи савдо тақчиллиги -5,07 млрд доллардан ошди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан (5,54 млрд доллар) камдир. Тафовут фақат олтин экспортининг кескин ўсиши туфайли қисқарди.

Хусусан, етти ой давомида Ўзбекистон 5,64 млрд долларлик ёки 2022 йилнинг январь-июль ойларига нисбатан (2,97 млрд доллар) 2,1 баробар ва бутун 2022 йилга нисбатан (4,11 млрд доллар) кўпроқ олтин сотди. Мамлакат умумий экспортининг 37,7 фоизи ушу қимматбаҳо металл ҳиссасига тўғри келмоқда. Биргина июль ойида 1,26 млрд долларлик олтин сотилган (олтин-валюта заҳиралари камайган бўлса-да), июнь ойида эса сотувлар бўлмаган.

Экспортда саноат маҳсулотлари улуши 23,6 фоиздан 16,3 фоизга, етказиб бериш қиймати 2,7 млрд доллардан 2,4 млрд долларгача қисқарди.

Олтинни ҳисобга олмаганда, экспорт атиги 10,4 фоизга ўсиб, 9,3 млрд долларни ташкил этди.

Сабзавот ва мевалар сотиш ҳажми 688,4 млн долларга (+26,1 фоиз), дон маҳсулотлари — 281,3 млн долларга (+70 фоиз), нефть ва нефть маҳсулотлари — 142,7 млн долларга (+73,1 фоиз), автомобиль эҳтиёт қисмлари ва аксессуарлари — 203,7 млн долларга (+32,4 фоиз), канцелярия машиналари ва маълумотларни автомат қайта ишлаш ускуналари — 20,3 млн доллар (19,6 марта), телекоммуникация, овоз ёзиш ускуналари — 65,8 млн долларга (3,9 марта) ошди.

Шу билан бирга, тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш 3,9 фоизга қисқариб, 1,86 млрд долларга, газ 341,9 млн долларга (-35 фоиз), электр энергияси 47,2 млн долларга (-22,4 фоиз), ўғитлар етказиб бериш 154,3 млн долларга (-44,1 фоиз), рангли металлар — 809,6 млн долларгача (-13,4%) қисқарди.

Туризм экспорти ҳажми 1,24 млрд долларни (хизматлар ҳажмида 42,1 фоиз) ташкил этди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг январь-июль ойларида бу кўрсаткич 732,5 млн долларни, 2021 йилнинг шу даврида эса 175,9 млн долларни ташкил қилган. Яъни, икки йил ичида туризмдан тушган даромад 7 баробар ошди.

Импорт

Импортга келсак, озиқ-овқат маҳсулотлари: дон ва ундан тайёрланган маҳсулотлар — 669,6 млн доллар (+16,1%), шакар, шакардан тайёрланган маҳсулотлар ва асал — 326,1 млн доллар (+13,3%), қаҳва, чой, какао, зираворлар — 198,5 млн доллар (+26,5 фоиз), ўсимлик мойлари ва ёғлар — 197,2 млн доллар (+89 фоиз), сабзавот ва мевалар — 195,4 млн доллар (+ 18 фоиз), гўшт ва гўшт маҳсулотлари — 171,1 млн доллар (+8,1 фоиз), сут маҳсулотлари ва тухум — 121,8 млн доллар (+39,7%) импорти юқори даражада қолмоқда.

Нефть ва нефть маҳсулотлари импорти ҳам ўсди — 1 млрд доллар (+59,6%), кўмир, кокс ва брикетлар — 98 млн доллар (+56,6%). Газ етказиб бериш ҳажми 201 млн доллар даражасида қолмоқда, июль ойида 1 млн долларга газ импорт қилинган, июнда — 48,8 млн доллар. Март ойида Ўзбекистон 151,2 млн долларлик газ импорт қилди.

Автомобиллар импорти 832,8 млн долларга (+80,7 фоиз), эҳтиёт қисмлар — 801,8 млн долларга (+8,6 фоиз), самолётлар ва бошқа учувчи аппаратлар импорти 482,1 млн долларга (2,2 баробар) ўсди.

Ўтган йилларда барқарор ўсиш кузатилган бўлса-да, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 840,1 млн долларга (-7,4 фоиз) қисқаргани эътиборга молик. Бу дори-дармон воситаларининг маркировкалаш жорий этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. «Газета.uz» ўқувчилари хориждан олиб келинган, авваллари муаммосиз сотиб олган дори воситаларини топишда қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида хабар бермоқда. Қолаверса, уларнинг нархи ҳам кескин ошиб кетди.