Ўзбекистон Франциядан жами 815,3 миллион еврога 17 та самолёт ва 2 та вертолёт сотиб олади. Келишувлар Ўзбекистон делегациясининг Парижга расмий ташрифи доирасида имзоланди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Хусусан, Airbus`дан 694,3 миллион еврога 8 та А320neo самолёти ва 4 та А321neo самолёти харид қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, келишув 21 миллион еврога иккита Airbus H145 вертолётини сотиб олишни назарда тутади.

Илҳом Маҳкамов ва Жак Гарриг. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

22 ноябрь куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги биносида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Airbus International компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Жак Гарриг Airbus ва Uzbekistan Airways ўртасида шартнома алмашди.

Бундан ташқари, 100 миллион еврога 5 дона ATR 72−600 русумли самолёт етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Ушбу келишув президентнинг 26 октябрдаги қарори билан Silk Avia компанияси учун тасдиқланган. Ҳужжатда 2022 йилда француз-италиян ишлаб чиқарувчисининг 3 та ATR 72−600 самолётини харид қилиш ва 2024 йил охиригача яна 9 та ATR самолётини импорт қилиш (лизинг асосида сотиб олиш) кўзда тутилган.

Airbus, шунингдек, Ўзбекистонда ўз вертолётларига хизмат кўрсатиш бўйича сервис марказини ташкил этиши мумкин. Лойиҳанинг қиймати 14,1 миллион еврога баҳоланмоқда.

Май ойида «Газета.uz» Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолётлар паркини бирлаштириш доирасида бир нечта Boeing авиалайнерларини лизинг берувчига қайтариб, Airbus самолётларини қабул қилиб олишни режалаштираётгани ҳақида ёзганди. 1999−2013 йилларда ишлаб чиқарилган 17 та самолёт эса сотувга қўйилганди.