Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасидаги «Ак-Тилек» назорат-ўтказиш пункти олдида 430 та юк машинасидан иборат навбат пайдо бўлди, дея хабар бермоқда «24.kg» ахборот агентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматига таянган ҳолда.

Нашрнинг қайд этишича, Қирғизистондан юк машиналарининг ўтиши билан боғлиқ муаммолар бир неча кун аввал бошланган. 21 август куни кечки пайт Қирғизистон чегара хизмати маълумотларига кўра, назорат-ўтказиш пунктида 370 га яқин юк машинаси бўлган, Қозоғистон томони эса кун бўйи бор-йўғи учта машинани ўтказган.

Ўз навбатида «ҳеч қандай чекловлар қўйишмагани» ва қозоғистонлик ҳамкасблари билан «автотранспорт воситаларининг секин ўтиши сабаблари бўйича» учрашув ўтказишни режалаштиргани маълум қилинди.

Қозоғистон билан яна иккита — «Кен-Булун» ва «Чалдавар» назорат-ўтказиш пунктларида ҳам юк машиналари тўпланиб қолган, дея аниқлик киритмоқда 24.kg ахборот агентлиги. Хабарда қанча машина борлиги айтилмаган.

«Қозоғистон томони ушланиб қолишлар сабабларини тушунтирмаяпти. Мен ҳозир иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Назарбек Малаев билан бирга „Ақ-Тилек“ ўтказиш пунктидаман. Сабабни аниқлашга ҳаракат қиляпмиз. Қозоғистон томони бундай хатти-ҳаракатлари билан Евроосиё иқтисодий иттифоқининг товарларнинг эркин ҳаракатланиши ҳақидаги тамойилини бузади, деб ҳисоблайман. Қолаверса, улар ЕОИИ обрўсига путур етказмоқда», — деди нашрга Қирғизистон халқаро юк ташувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Игорь Голубев.

Сув туфайлими?

Қозоғистон расмийларининг сукут сақлаётгани фонида Қирғизистон матбуоти юк машиналарининг кечикиши Қирғизистон қўшниларига суғориш суви етказиб беришни тўхтатгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни чоп этди.

«Машиналар шунчаки турибди. Саҳна ортида Қозоғистонга сув бериш тўхтатилгани сабаб бўлмоқда», — деб ёзади 24.kg нашри ўқувчилар маълумотларига таяниб.

Kaktus.media билан суҳбатлашган айрим ҳайдовчилар ҳам юк машиналари сув билан боғлиқ вазият туфайли тўсиб қўйилганини тахмин қилишди. Бошқа бир қарашларга кўра, қозоқ чегарачилари гиёҳванд моддалар солинган юк машинасини қидирмоқда.

Бундан ташқари, юк ташувчилар журналистларга чегарадаги кечикиш туфайли «тўлиқ тартибсизлик содир бўлаётгани» ва назорат-ўтказиш пунктида «толкачлар» пайдо бўлгани, баъзи юк машиналарини пул эвазига олдинга ўтказаётгани ҳақида сўзлаб беришди.

ОАВдаги хабарлар туфайли Қозоғистонга сув етказиб бериш билан боғлиқ вазият бўйича Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тушунтириш беришига тўғри келди. Вазирликнинг маълум қилишича, мамлакат Қозоғистон олдидаги «барча мажбуриятларини бажарган» ва сув етказиб берилган Киров сув омборида сув сатҳи пастлигича қолаётганини таъкидлади.

Қозоғистоннинг муносабати

Қирғизистон чегарасида фуралар тўпланиб қолганидан бир неча кун ўтиб Қозоғистон молия вазири Ерулан Жамаубаев изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ушланиб қолишларга наркотикларга қарши операция сабаб бўлган.

«У ерда божхона йўқ, бу ЕОИИнинг ички чегараси. Билишимча, гиёҳванд моддаларни аниқлаш бўйича операция ўтказилган, шунинг учун ҳозир, катта эҳтимол билан, Чегара хизмати ва КНБ томонидан пухта текширув ўтказилмоқда», деди у журналистларга.

Вазирнинг қўшимча қилишича, «тижорат юклари билан боғлиқ ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган».

Кейинроқ Қозоғистон КНБ Чегара хизмати ҳам вазиятга изоҳ бериб, ҳеч қандай чеклов чоралари киритилмаганини таъкидлади.

«Ҳеч қандай чеклов чоралари жорий этилмаган, назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек ишламоқда, текшириш вақтини тартибга солиш меъёрларига қатъий риоя қилинмоқда. Автотранспорт воситаларининг ўтиш кўрсаткичлари жорий мавсум учун, жумладан, чегаранинг қозоқ-қирғиз қисмида ҳам кунлик нормалар чегарасида», — дейилади Tengrinews.kz агентлиги хабарида.

Охирги марта «Ақ-Тилек» назорат-ўтказиш пунктида юк машиналарининг катта навбати июнь ойи бошида кузатилган эди. Ўшанда Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида ҳам юзлаб юк машиналари тирбандликда тўхтаб қолганди. Қирғизистон Чегара хизмати буни Қирғизистондан бошқа давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг мавсумий ошгани билан изоҳлади.