«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов 25 август куни Қашқадарё вилоятида ўтказилган пресс-турда Ўзбекистонда газ қазиб олиш бўйича расмий маълумотларни нотўғри деб атади.

«Президентимиз Бухородаги йиғилишда „бу йил қиш бошқача бўлади“ деган бир жумлани айтдилар. Ҳақиқатда, халқда бу савол туғдиряпти: „Нимаси бошқача бўлади?“ Янгиликларда кўряпмиз, биз тарафга жуда катта эътироз бўляпти. „Газ қазиб олиш тушиб кетибди. Ўтган йилга нисбатан тушиб кетибди. Булар режаларини ўзгартириб олибди, тушириб олибди“ дейишяпти. Бу нотўғри маълумот. Қайси маънода? Биз ҳозирги муаммодан хабардормиз, [ишлаб чиқариш] тушмади. Биз ҳақиқий муаммодан хабардормиз. Бизда бу муаммога қарши курашиш учун аниқ чора-тадбирлар мавжуд», — деди у Kun.uz нашри лавҳасида.

Унинг сўзларига кўра, компания мутахассислари қандай вазифаларни ҳал қилишлари кераклигини, шунингдек, мақсадларга эришиш учун зарур бўлган маблағлар миқдорини билади.

«Президентимиз ўтган қишдаги аҳволдан келиб чиқиб, бизнинг олдимизга қаттиқ вазифа қўйганлар… Бизнинг ҳозирги тайёргарлигимиз: агар мабодо қўшни давлатлардан табиий газ импортининг имкони бўлмай қолса-чи? Ҳар хил сабаб бўлиши мумкин. Ўтган йили бизга келган қиш қўшни давлатларга ҳам келган», — деди «Ўзбекнефтгаз» раҳбари.

Баҳодиржон Сидиқов ўтган йили қишда Ўзбекистонда кунига 15−20 млн куб метр газ етишмаганини, бу йилги қиш мавсумида газ танқислигининг олдини олиш чоралари белгилаб олинганини қайд этди.

баҳодиржон сидиқов, газ, газ қазиб олиш, узбекнефтгаз

Шунингдек, у мамлакатдаги углеводород захиралари ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 1,85 трлн куб метр газ ва 150,3 миллион тонна суюқ углеводородлар тасдиқланган ҳажми бўлган 296 та нефть ва газ конлари мавжуд. «Ўзбекнефтгаз» 933,2 млрд куб метр (50,3 фоиз) ва 53,3 млн тонналик 122 та конга (шундан 35 таси консервацияда) эгалик қилади.

баҳодиржон сидиқов, газ, газ қазиб олиш, узбекнефтгаз

баҳодиржон сидиқов, газ, газ қазиб олиш, узбекнефтгаз

Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь-июль ойларида газ қазиб олиш ҳажми 27,47 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 фоизга ёки 2,87 миллиард куб метрга камайган. Бунинг фонида импорт кескин ошди — бу даврда хориждан 201 млн долларга газ харид қилинди, бу ўтган йилга нисбатан 49,1 фоизга кўп ҳисобланади.

Апрель ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов газ қазиб олишнинг камайиши асосан «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ҳиссасига тўғри келганини таъкидлаган, чунки «компания конларининг 75−80 фоизи ўзлаштирилиб бўлинган». У Ўзбекистонда газ қазиб олиш динамикаси йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ижобий томонга ўзгаришини таъкидлади, бироқ кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан пастлигича қолишда давом этмоқда.

Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» 2023 йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини 1,8 млрд куб метрга — 34,1 млрд дан 32,3 млрд куб метрга пасайтирди. Компания раҳбарининг биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов тақдим этган жадвалга кўра, ҳозирги конларда табиий ишлаб чиқариш пасайишда давом этади ва 2024 йилда қазиб олиш ҳажмини 34,1 млрд куб метр даражасида ушлаб туриш учун геология-қидирув ишлари орқали 4,6 млрд куб метр, 2025 йилда 7,1 млрд куб метр, 2026 йилда 9,6 млрд куб метр газни компенсация қилиш керак бўлади.