«Ўзбекнефтгаз» 2023 йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини 34,1 миллиард куб метрдан 32,3 миллиард куб метрга пасайтирди. Бу ҳақда «Газета.uz»га бошқарув раисининг трансформациялар бўйича биринчи ўринбосари Беҳзод Усманов маълум қилди.

«[Қазиб олиш прогнози] бироз камроқ. Тахминан 1,8 миллиард кубометр. Бу [конлардаги захираларнинг] қисқариши бўйича қилган прогнозларимиз ўзини оқламагани сабабли содир бўлди. Улар жадал суръатда қисқариб бормоқда. Биз [ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича] кўраётган чора-тадбирлар ишлаб чиқариш даражасини 34,1 миллиард кубометрда ушлаб туриш учун етарли эмас», — деди Беҳзод Усманов.

Унинг сўзларига кўра, қидирув ишларини олиб бориш ва янги конларни очиш учун кўпроқ сармоя керак.

Беҳзод Усманов 2026 йилгача газ қазиб олиш бўйича прогнозни 2022 йилнинг ноябрида Тошкент иқтисодий форумида эълон қилганди. Ўшанда у 2023 йилда 34,1 миллиард куб метр газ қазиб олиш, жумладан, геология-қидирув ишлари ҳисобидан 1,8 миллиард куб метр газ қазиб олиш режалаштирилганини айтганди. Аммо февраль ойида прогноз 32,8 миллиард, ҳозир эса 32,3 миллиард куб метргача қисқарди.

»газ,

Графикка кўра, ҳозирги конларда табиий қазиб олиш пасайишда давом этади, чунки 2024 йилда қазиб олишни 34,1 миллиард куб метр даражасида ушлаб туриш учун 4,6 миллиард куб метр газни қидирув ишлари орқали қоплаш керак, бу рақамлар 2025 йилда — 7,1 миллиард куб метр, 2026 йилда — 9,6 миллиард куб метрни ташкил этиши кўрсатилган.

Бугунги кунга қадар барча нефть ва газ конларининг қарийб 50 фоизи (290 тадан 118 таси) «Ўзбекнефтгаз»га тегишли. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ишлаб чиқариш 51,66 миллиард куб метрни ташкил қилган, бу 2021 йилга (53,8 миллиард) нисбатан 4 фоизга ёки 2,1 миллиард куб метрга камдир. «Ўзбекнефтгаз» 32,2 миллиард куб метр (прогноз 34 миллиард кубометр) ёки ишлаб чиқаришнинг 62,3 фоизини ташкил этиб, компанияни Ўзбекистондаги энг йирик газ ишлаб чиқарувчисига айлантирган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда биринчи ярим йилликда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 2,51 миллиард куб метрга камайиб, 23,56 миллиард куб метрни ташкил этган.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш кескин пасайганини изоҳлар экан, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб динамика ижобий томонга ўзгаришини айтганди. Унинг сўзларига кўра, газ қазиб олишнинг камайиши асосан «Ўзбекнефтгаз» ҳисобига бўлган, чунки «компания конларининг 75−80 фоизи ўзлаштирилган».