Статистика агентлиги маълумотларига кўра, йилнинг дастлабки 7 ойида Ўзбекистонга электромобиллар импорти қарийб 6 баробарга ошди.

2023 йилнинг январь-июль ойларида 10 та давлатдан умумий қиймати 217,1 млн долларга тенг бўлган 7 минг 391 та электромобиль импорт қилинган. Электромобиллар импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 минг 84 тага ёки қарийб 6 баробарга ошган.

Бундай транспорт воситалари импорт қилинган мамлакатлар қуйидагилар:

  • Хитой — 6 898 та;
  • Гонконг — 376 та;
  • Германия — 64 та;
  • Корея — 18 та;
  • БАА — 16 та;
  • АҚШ — 11 та.

Аввалроқ 2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга хориждан қиймати 167 миллион долларлик 5403 дона электромобиль олиб кирилгани ҳақида хабар берилганди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 4,85 баравар, 2022 йилдаги жами импортдан эса 2,5 баробар кўп ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, электромобилларни импорт қилишда акциз ва божхона тўловлари, шунингдек, автомобиль йиғимлари ундирилмайди. Электр ёки гибрид транспорт воситаларида йўловчи ташувчи такси ҳайдовчилари 2030 йилгача лицензия тўловидан озод қилинган. Қувватлантириш станциялари ўрнатган тадбиркорларга ҳам йил бошидан буён имтиёзлар берилган.