Ўзбекистон ва АҚШ расмийлари Афғонистонга гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш ниятида, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкентда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва АҚШ Конгресси Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси катта ходими Шарлотт Олдҳем-Мур Афғонистон бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Сенат вакили Афғонистонда кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва жаҳон ҳамжамиятининг ушбу мамлакатдаги хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев июль ойида ШҲТ саммитида Афғонистон муаммоси ва афғон халқининг фожиаси халқаро кун тартибида иккинчи ўринга сурилиб қолганини айтганди.

Август ойи бошида Исматулла Иргашев ва Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус элчиси Томас Никлассон ҳам икки томонлама асосида Афғонистон масаласи бўйича маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканини билдирганди.