8 август куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус элчиси Томас Никлассон видеоконференцалоқа орқали икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

«Томонлар афғон муаммоси бўйича ҳам икки томонлама асосда, ҳам Марказий Осиё давлатларининг махсус вакиллари даражасида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканлигини билдирди», — дейилади ТИВ сайтида.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тезкорлик билан гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Афғон муаммосини тартибга солиш ва халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришда БМТнинг етакчи роли муҳимлиги таъкидланди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев июль ойида ШҲТ саммитида афғон халқининг фожиаси халқаро кун тартибида иккинчи ўринга сурилиб қолганини айтганди.