Президент Шавкат Мирзиёев 8 август куни Қорақалпоғистонда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда Марказий банкка 2024 йилдан бошлаб ҳар йили тижорат банкларига Қорақалпоғистон Республикаси учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида камида 2 трлн сўм кредит маблағлари ажратиш бўйича топшириқ берилган.

Бундан ташқари, регуляторга қуйидаги шартлар асосида кредит маблағлари ажратиш тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилган:

  • оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида янгидан ташкил этилган, ҳисоб рақамида маблағ етарли даражада айланмаган тадбиркорлик субъектларига, молиявий қўллаб-қувватлаш учун гаров таъминотидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача бўлган миқдорда (330 млн сўм);
  • ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш, билим ва салоҳиятини ошириш мақсадида уларнинг хорижий давлатларда таҳсил олишлари учун 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда.

Аввал банк соҳасида ишлаган молиячи Отабек Бакиров бу ҳужжат лойиҳаси Марказий банк билан келишилганми, ҳуқуқий экспертизадан ўтганми, деган саволларни берди.

«Марказий банк тўғрисида»ги қонунга кўра, регулятор ликвидлиликнинг вақтинчалик тақчиллиги юзага келганда тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ликвидлиликни сақлаб туриш учун тижорат банкларига уч ойгача бўлган муддатга қисқа муддатли кредитлар тарзида тезкор ёрдам беришга ҳақли. Мазкур кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг бошқа кредитларига доир амалдаги ставкалардан кам бўлмаслиги ва у банкнинг активлари билан таъминланган бўлиши керак.

«Қонун ҳарфи ва моҳиятига кўра Марказий банк лойиҳаларни бевосита ва билвосита кредитлашга ҳақли эмас. Чунки Марказий банкнинг пули йўқ (агар содда айтганда, қўшимча пул босиб чиқаришни бошламаса). Шунингдек, қонунда аниқ ёзиб қўйилган: „Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, бошқа давлат органларига ва ташкилотларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини молиялаштириш учун кредитлар ёки молиявий ёрдам бермайди“», — дейди молиячи.

Бунгача оилавий тадбиркорлик учун кредитлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси («суверен жамғарма», мамлакат консолидацияланган бюджетининг бир қисми) ёки Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети маблағлари, еврооблигациялар ёки кредитлар ҳисобидан ажратиларди. Лекин, биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистон давлат бюджетининг харажатлари даромадларидан 29 триллион сўмга (2,5 миллиард АҚШ доллари) ошиб кетди. 2023 йил охирида профицит прогноз қилинганига қарамай, дефицит деярли 6,2 фоизни ташкил этди. Консолидацияланган бюджет (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ўз ичига олади) тўғрисидаги маълумотлар ҳозирча очиқланмади.

Президент 2 август куни бўлиб ўтган йиғилишда «маҳалла еттилиги» кафолати остидаги оилавий тадбиркорлик субъектларига гаровсиз кредитлар лимити 33 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилишини маълум қилганди. Маблағларнинг бир қисми нақд пулда берилиши мумкин.

Мазкур йиғилишда Шавкат Мирзиёев Марказий банкнинг икки вилоятдаги бошқармалари раҳбарларини, шунингдек, айрим ҳудудларда муаммоли кредитлар кўплиги сабабли бир қатор банк филиаллари раҳбарларини ишдан бўшатишни тавсия қилганди. Шунингдек, у оилавий тадбиркорлик кредити ҳисобидан техника ва маҳсулотлар харид қилиш тартибини танқид қилган.