2 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, аҳолида ажратилаётган субсидиялар эгаларига етиб бормаётгани бўйича эътирозлар кўп.

Маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари бандлик, ёшлар ва аёллар жамғармалари орқали берилаётган субсидиялар, оилавий кредитлар ҳисобидан меҳнат қуроллари ва тадбиркорлик учун зарур маҳсулотларни харид қилиш тизимидан ҳам норози. Маблағлар аҳолига тўғридан-тўғри берилмасдан, Маҳаллабай ва Ёшлар агентликлари ҳамда Марказий банкнинг «маркет плейслари» орқали «тендерларда ғолиб бўлган таъминотчилар»га ўтказиб берилади.

«Яъни аҳолида танлов йўқ, агентлик ёки банкнинг электрон платформаларидаги сотувчилар нимани қанча нархда таклиф қилса, аҳоли шуни олишга мажбур», — дея маълум қилди Шерзод Асадов.

Президент Бош прокуратура, Ҳисоб палатасига имтиёзли маблағлар ҳисобидан аҳолига маҳсулот ва хизматлар тақдим қилаётган «маркет плейслар» фаолияти шаффофлигини текширишни топширди.

Йиғилишда, шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида муаммоли кредитлар улуши 19 фоиздан 16 фоизга пасайгани, 6,5 мингдан зиёд маҳаллада муаммоли қарздорлик қолмагани таъкидланди. Лекин ҳалигача қарийб 3 триллион сўмлик кредитлар қайтмаган.

Банклар кесимида энг кўп муаммоли кредитлар Халқ банки, «Микрокредитбанк» ва «Агробанк» ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ишлар аҳволи қониқарсиз.

Бундан ташқари, ҳудудларда ўтказилган ўрганишларда 2,5 мингта ҳолатда 68 миллиард сўм кредитлар мақсадсиз сарфлангани аниқланган.

Шу муносабат билан давлат раҳбари Фарғона ва Сирдарё вилоятлари Марказий банк раҳбарларини, Халқ банкининг Наманган ва Сурхондарё, «Агробанк»нинг Андижон ва Фарғона ҳамда «Микрокредитбанк»нинг Тошкент вилоятлари раҳбарларини лавозимидан озод этишни тавсия қилди.

Муддати ўтган қарздорлик юқори 15 та туман ва шаҳар банклари раҳбарларини тўлиқ янгилаш масаласини кўриб чиқиш ҳақида гапирилди.

Ҳисоб палатаси 2022 йилнинг июнь ойида банклар барқарор даромад манбаига эга бўлган қарз олувчилардан қарийб 150 миллиард сўм, жумладан, давлат хизматчилари ва банк ходимларидан 89,3 миллиард сўм муаммоли кредитларни ундирмагани ҳақида маълум қилганди. NPL кўрсаткичи ўша пайтда Наманган, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида юқори даражада бўлган.