Ўзбекистонда 2030 йилга бориб жиддий оқибатларга олиб келадиган йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда. Бу бир кун аввал муҳокама учун эълон қилинган «Ўзбекистон-2030» стратегияси лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжатда 2023 йилга мўлжалланган йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш кўрсаткичлари мавжуд эмас. 2024 йилда бу кўрсаткични 10 фоизга қисқартириш режалаштирилган.

Йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатларни камайтиришнинг мақсадли параметрлари лойиҳага киритилмаган.

Аввалроқ мамлакатда биринчи ярим йилликда 4 мингга яқин ЙТҲ қайд этилгани, 873 киши ҳалок бўлгани, 3500 дан ортиқ киши жароҳатлангани хабар қилинганди.

Бу кўрсаткичлар 2022 йилнинг биринчи ярмига нисбатан сезиларли даражада юқори бўлиб, ўтган йилнинг бу даврида 3559 та ЙТҲ рўй берган, 784 киши ҳалок бўлган ва 2775 киши жароҳат олган.

2023 йил учун Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан йўл-транспорт ҳодисалари ва улардаги ўлим ҳолатларини 15 фоизга камайтириш режаси қўйилган, бироқ, кўриб турганингиздек, ҳозирча фақат ўсиш кузатилган.

Президент яқинда Фарғонада бўлиб ўтган йиғилишда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидовга ҳайфсан берган.

Стратегия лойиҳасида республикадаги барча тартибга солинмаган, 2 ва ундан ортиқ полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш банди ҳам киритилган.

Лойиҳада, шунингдек, 2023 йил учун ҳеч қандай параметр мавжуд эмас, 2024 йилда эса барча ўтиш жойларининг 50 фоизида светофорлар ўрнатиш режалаштирилган.

«Газета.uz» кўп полосали кўчаларда тартибга солинмаган ўтиш жойлари бўлишига йўл қўймаслик ҳақида кўп марта ёзган. Ривожланган мамлакатларда пиёда бир нечта полосани кесиб ўтиши керак бўлса, светофор ўрнатилади. Тошкентда тартибга солинмаган чорраҳалардаги светофорлар одатда ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин пайдо бўлади.

Ўтган йили Тошкент шаҳридаги бир қатор йирик чорраҳаларни реконструкция қилиш жараёнида «бирдан ортиқ полоса — светофор керак» тамойили белгилаб қўйилган, бироқ бу амалиёт бутун шаҳар бўйлаб ёйилмаган.

Бутун стратегия лойиҳасида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасига тегишли бўлган фақатгина иккита банд мавжуд.

Ўзбекистонда бир неча йиллардан бери йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатланиш ҳолатларини камайтириш учун Vision Zero (ЙТҲларда ўлим даражасини нолга тушириш) концепциясини жорий этиш режалари ҳақида гапирилмоқда (бу ҳақда стратегия лойиҳасида қайд этилмаган).

Бу вақт ичида ягона реал ўзгариш шаҳарлар ва вилоят марказларида рухсат этилган транспорт тезлигининг 70 дан 60 км/соатгача туширилиши бўлди.