Шу йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда содир бўлган йўл транспорт ҳодисаларида жароҳат олиш ва ўлим ҳолатлари суръатлари, шунингдек уларнинг умумий сони камайди, деб хабар берди ИИВ ЖХП ЙҲХХ.
Январь-июнь ойининг ўзида расман 3559 та ЙТҲ рўйхатга олинди (2021 йилнинг мос даврида — 3753 та қайд этилганди, бу 194 тага ёки 5,2 фоизга кам дегани). Аварияларда 2775 киши жароҳат олди (2842, -67, -2,4%), 784 киши эса вафот этди (911, -127, -13,9%).
ЙТҲлар сони Фарғона вилояти (621 та, +3%) ва Наманган вилоятидан (400 та, +7%) ташқари барча ҳудудда камайди. Мазкур кўрсаткичлар Тошкент шаҳрида — 479 та (-10%), Тошкент вилояти — 413 (-6%), Самарқанд — 372 (-1%), Андижон — 299 (-10%), Қорақалпоғистон — 193 (-4%), Қашақадарё — 161 (-26%), Бухоро — 139 (-4%), Сурхондарё — 131 (-8%), Навоий — 106 (-17%), Хоразм — 89 (-3%), Жиззах — 86 (-21%) ва Сирдарё — 70 тани (-1%) ташкил этди.
22,9 фоиз ёки 818 та ЙТҲга белгиланган тезликка риоя қилмаслик сабаб бўлган. 254 та ҳолатда (7,1%) — ҳайдовчининг тажрибасизлиги, 182 тасида (5,1%) — оралиқ масофани сақламаслик, 133 тасида (3,7%) — пиёдага йўл бермаслик, 105 тасида (2,9%) — светофор ёки йўл белгисига риоя қилмаслик, 101 тасида (2,8%) — қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, 35 тасида (1%) — маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, 313 та ҳолатда эса (8,7%) — бошқа сабаблар оқибатида авариялар содир бўлган.
ЙТҲларнинг 1618 таси (45,5%) эса объектив сабабларига кўра келиб чиққан. Бу пиёдалар ўтиш жойи ташкил қилинмаганлиги — 11% (393), велойўлаклар йўқлиги — 8,3% (298), йўлни ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаганлиги — 8,1% (289), йўллар ёритилмаганлиги — 5,2% (186), йўл ҳўл ёки музлама бўлганлиги — 1,9% (68). Хизмат шунингдек, шу турдаги сабабларга пиёдалар ҳаракатини чекловчи тўсиқлар (панжара) ўрнатилмаганлиги — 4,6% (167), тор йўлларнинг ўтказувчанлиги транспорт оқимига мослаштирилмаганлиги — 4,3% (155), ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилмаганлигини — 1,7% (62) ҳам киритган.
Барча ЙТҲларнинг қарийб ярми — 46,8 фоизи ёки 1648 таси автомобилларда пиёдаларни уриб кетиш билан боғлиқ. Автомобиллар тўқнашуви эса 31,8% (1132), велосипедчиларни уриб юбориш — 8,4% (298), машиналарнинг ағдарилиши — 5,3% (190), тўсиққа урилиш — 4,4% (156) ва тўхтаб турган транспортга бориб урилиш — 1,2 фоизни (41) ташкил қилди.
Аварияларнинг катта қисми енгил автомобиллари иштирокида содир бўлган — 84% (2990 та). 10,4 фоиз аварияларда (373 та) юк машиналари, 10,3 фоизида (372) — велосипедчилар ва 1,3 фоизида (47) — автобуслар қатнашган.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда пандемия даврида бахтсиз ҳодисалар ҳамда уларда ҳалок бўлган ва жароҳатлар сони бўйича статистик маълумотлар камайганидан сўнг, 2021 йилда бу кўрсаткичлар кескин ошганди: ЙТҲлар сони — 43 фоизга, ўлимлар — 24 фоизга, жароҳат олишлар — 40 фоизга. Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари тезликни ошириш ва ҳаракатни нотўғри ташкил этиш билан боғлиқ бўлганди.